ЯНГИАРИҚДА ЕР ҚОЛМАДИ – МУҲОФАЗА ЗОНАСИНИ ҲАМ «ОБОД» ҚИЛИШДИ!
Янгиариқ туманида ёп бўйидаги муҳофаза зонаси деярли тўлиқ тадбиркорларга берилиб, қурилишлар сув манбаси ва хавфсизлик қоидаларига таҳдид солаётgani айтилмоқда. Масъуллардан рухсатлар ва назорат юзасидан жавоб кутилмоқда.
Хоразмнинг Янгиариқ туманида «ободонлаштириш» шундай жадал кетяптики, Элтузар инсайдерига кўра, сув йўли бўйида муҳофаза зонаси учун бир қарич ҳам жой қолмади. Тадбиркорга жой топилган, қурилишга жой топилган, фақат сувни асрашга жой топилмади.
Янгиариқ пахта қабул қилиш пункти атрофидан Оқмачитгача ёпнинг икки томони «чаққон» тадбиркорларга бўлиб берилди. Муҳофаза зонаси-чи? У ҳам «чаққонроқ» бўлганида, балки ўзига бир парча ер олиб қолармиди…
Инсайдернинг айтишича, бу ёпдан минглаб аҳоли ичимлик суви сифатида фойдаланади. Эртага корхоналарнинг чиқиндиси шу сувга тушмаслигига ким кафолат беради? Ёки аҳоли сув ичишдан олдин тадбиркорнинг инсофини текшириб олиши керакми?
Пахта қабул қилиш пунктининг шарқ томонидаги янги автомойка эса юқори кучланишли электр линияси тагида очилди. Жой танлашга қаранг: пастда сув, тепада сим. Хавфсизлик талаблари қаерда қолган – буни масъуллар тушунтирса, яхши бўларди.
Энди янгиариқликлар пахта заводи ҳудудининг тақдиридан ҳам хавотирда. Атрофи «обод» бўлди, навбат ичига етди.
Ёп бўйидаги қурилишларга қандай асосда рухсат берилган, муҳофаза зонаси сақланганми, автомойканинг жойлашуви хавфсизлик талабларига мосми?
Янгиариқни обод қилиш яхши. Фақат «ободлик»нинг ҳисобини эртага аҳоли ўз соғлиғи билан тўламасин. Нима дедингиз ҳокимбува?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг