ЯНГИ ТОШКЕНТ АЭРОПОРТИ ҚУРИЛИШИ МУНОСАБАТИ БИЛАН 7 ТА ҚАБРИСТОН КЎЧИРИЛАДИ
Янги Тошкент халқаро аэропорти қурилиши мўлжалланган ҳудудда дафн ишлари олдинроқ тўхтатилган 7 та қабристон кўчирилади. Марҳумлар қабрлари диний, санитария ва жамоатчилик талаби асосида бошқа қабристонларга қайта дафн этилади.
Тошкент вилоятида Янги Тошкент халқаро аэропорти қурилиши режалаштирилган ҳудудда жойлашган, дафн ишлари тўхтатилган 7 та қабристон кўчирилади.
Тошкент вилояти ҳокими қарорига кўра, уларнинг 2 таси Қуйи Чирчиқ, 5 таси Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудида жойлашган. Кўчириладиган қабристонлар қаторига Қуйи Чирчиқ туманидаги «Сергели болалар» ва «Корейс», Ўрта Чирчиқ туманидаги «Сувон бағиш», «Қудойқул», «Сариқтепа» корейс қабристонлари ҳамда «Борис» рус христиан қабристони киради.
Қайд этилишича, мазкур қабристонларда дафн ишлари бир неча йил аввал тўхтатилган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2026 йил 10 апрелда берилган хулосага кўра, марҳумлар жасадлари тупроққа айланган бўлиши эҳтимоли мавжуд ҳудудлардан белгиланган тартибда фойдаланиш мумкин.
Қабрларни очиш жараёнида суяк қолдиқлари аниқланган тақдирда, улар эҳтиёткорлик билан йиғилиб, белгиланган бошқа қабристонларга қайта дафн этилади. Кўчириш ишлари санитария-эпидемиология, экологик, архитектура, диний ва жамоатчилик талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.
Қарорга мувофиқ, «Сергели болалар» қабристонидан эксгумация қилинган қабрлар «Шардара» қабристонига, «Корейс» қабристонидан эксгумация қилинган қабрлар эса Сергели маҳалласидаги рус-корейс қабристонига кўчирилади.
«Сувон бағиш» ва «Қудойқул» мусулмон қабристонларидан олинган қабрлар Янгийўл маҳалласидаги «Зайнаб она» қабристонига қайта дафн этилади.
«Қудойқул» ва «Сариқтепа» корейс қабристонлари ҳамда «Борис» рус христиан қабристонидан эксгумация қилинган қабрлар Тараққиёт маҳалласидаги корейс қабристонига кўчирилади.
Қайта дафн қилиш ишлари тегишли диний урф-одатлар ва белгиланган тартибларга мувофиқ амалга оширилиши белгиланган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг