ҚЎҚОНЛИКЛАР ҚИШНИ ЭЛЕКТРСИЗ ҚАРШИЛАШДАН ҚЎРҚМОҚДА
Қўқондаги Янги Ўзбекистон – Янги Қўқон массиви аҳолиси газ йўқлиги ва электр таъминотидаги часта узилишлар ортидан қишни иситиш ҳамда овқат тайёрлашга yetarli токсиз қолишдан хавотирда, масъул ташкилотлар эса муаммо учун жавобгарликни бир-бирига юкламоқда.
Қўқон шаҳридаги Янги Ўзбекистон – Янги Қўқон массивида яшовчилар электр таъминотидаги муаммолар қишда янада оғирлашишидан хавотирда. Газ йўқлиги боис хонадонларда овқат тайёрлашдан тортиб исинишгача асосий юк электр тармоғига тушади.
Элтузарга мурожаат қилган аҳоли, хусусан, 32-сонли ва унга яқин кўп қаватли уйларда электр тез-тез муаммо бераётгани, айрим монтаж ишлари эса мавжуд юкламага мос эмаслигини айтмоқда.
Фуқароларнинг билдиришича, яқинда электр тармоғида авария юз берган. Шундан сўнг симлар таъмирланган, аммо аҳоли бу чора муаммони тубдан ҳал қилмаганини таъкидламоқда. Уларнинг хавотирига кўра, совуқ кунларда электр истеъмоли ошса, ҳозирги тармоқ яна жиддий босим остида қолиши мумкин.
Массивда табиий газ йўқ. Шу сабаб электр таъминотидаги ҳар қандай узилиш оддий ноқулайлик эмас — хонадонларни иситиш ва кундалик турмушни ташкил қилишга ҳам бевосита таъсир қилади.
Аҳоли яна бир муаммони кўтармоқда: уйлар учун ким тўлиқ масъул экани ҳали ҳам тушунарсиз.
Фуқароларнинг айтишича, хонадонлар Микрокредитбанк орқали кредитга олинган ва улар ҳар ой тўлов қилиб келмоқда. Бироқ коммунал ҳамда техник камчиликлар сақланиб қолган.
Уйларга хизмат кўрсатувчи БСК вакиллари бино ҳали қурувчи томонидан расман балансга топширилмаганини билдиргани айтилмоқда. Қурувчи ва сотув билан шуғулланган томон эса электр муаммоларини тармоқ корхонаси билан боғламоқда.
Шу тариқа, аҳоли бир идорадан бошқасига йўналтирилаётгани, аммо муаммога аниқ эгалик қиладиган ва уни тўлиқ бартараф этадиган масъулни топа олмаётганини билдирмоқда.
Янги қурилган уйларни фойдаланишга топшириш фақат хонадон калитини эгасига бериш билан тугамайди. Электр, сув, канализация, иситиш ва бошқа муҳандислик тармоқлари хавфсиз ҳамда барқарор ишлаши ҳам таъминланиши керак.
Янги Қўқон аҳолиси Қўқон шаҳар ҳокимлиги, электр таъминоти корхонаси, қурувчи ташкилот ва бошқа мутасаддилардан вазиятни жойига чиқиб ўрганиш, электр тармоқларининг ҳақиқий қувватини текшириш ва қиш бошланмасидан олдин камчиликларни бартараф этишни сўрамоқда.
Шунингдек, фуқаролар айни пайтда Муқимий шаҳарчаси ва ҳудудлардаги вазиятни ўрганаётган Президент Администрацияси мутасаддиларидан Янги Қўқон массивидаги ҳолатга ҳам эътибор қаратишни сўрамоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг