ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ЯНГИ КАДРЛАРИНИНГ ҚАДРИ ЙЎҚ
Мирзиёев даврида жорий этилган ҳоким ёрдамчиси, тютор, ёшлар етакчиси каби янги лавозимлар халқ муаммоларини ҳал этиши керак эди. Амалда эса улар чексиз йиғилиш, сводка ва тадбирлар оғир юкини тортаётган, энг ожиз бўғинга айланган.
Мирзиёев даврида халқ билан давлатни яқинлаштириш мақсадида бир қатор янги лавозимлар жорий этилди: ҳоким ёрдамчиси, инвестициялар бўйича маслаҳатчи, комплаенс назоратчиси, олий таълим тютори, ёшлар етакчиси ва бошқалар.
Қоғозда бу лавозимлар одамларга ёрдам бериши, муаммоларни жойида ҳал қилиши, ёшлар, талабалар, аёллар, камбағал оилалар билан ишлаши керак эди.
Амалда уларнинг кўпи жойларда “ҳамма ишга масъул югурдак ходим”га айлантирилган.
Ҳоким ёрдамчиси камбағалликни қисқартириши керак, лекин унга йиғилиш, ободонлаштириш, рўйхат, сводка, тадбир, текширув, қарз, кредит, платформа, ҳисоботлар юкланади.
Ёшлар етакчиси ёшлар билан ишлаши керак, бироқ уни ҳам байроқ кўтаришдан тортиб, зал тўлдиришгача жавобгар қиляпмиз.
Тютор талабанинг таълими, тарбияси ва муаммоси билан шуғулланиши керак, лекин барча ОТТларда унга навбатчи, талабани “тутиб келувчи” масъул, барча масалаларда айбдор қилса бўладиган бокк қопи деб қаралади.
Янги лавозим эгаларига топшириқ берадиганлар кўп, раҳбариятнинг ўзи ҳам бу лавозимларнинг ваколат чегарасини билмайди. Аро йўлларда сарсон қолган бу бечоралар ўзлари ишлайдиган ташкилотнинг энг кучсиз, ожиз бўғимидир.
Тузилмалар бу ходимларни сарфланиб чиқитга чиқариладиган “ресурс” сифатида кўради. Бир томонда юқоридан тушган топшириқлар, иккинчи томонда халқнинг норозилиги, учинчи томонда раҳбарларнинг дўқ-пўписаси. Ҳамма айб охирида шу пастда югуриб юрган ходимга ағдарилади.
Натижа яхши бўлса, раҳбарники. Муаммо чиқса, ходимники.. Шунинг учун бугун кўп жойларда янги лавозимлар раҳбарларнинг сводкасини тўлдирадиган тирик роботга айланиб қолган. Уларга аниқ вазифа, адолатли иш вақти, муносиб маош, ҳуқуқий ҳимоя ва ортиқча “сводка”лардан озод иш муҳити керак. Ҳозирча лавозимлар кўпайди, ҳисоботлар кўпаяди, тадбирлар ортди, лекин муаммолар камаймаяпти.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг