Янги Андижон шаҳридаги кўп қаватли уй аҳолиси қурилиш камчиликлари сабаб ноқулайликларни бошдан кечирмоқда.

Андижон вилоятининг Янги Андижон шаҳрида жойлашган Б1 уйнинг 1-подъездида истиқомат қилувчи фуқаролар уйда мавжуд бир қатор қурилиш ва инфратузилма муаммоларидан чарчади.

Фуқаролар лифт ўрнатилмагани, марказлашган сув йўқлиги ва томдан сув ўтиши бўйича амалий чора сўрамоқда. Видео ҳолатни яққол кўрсатади.

Фуқаролар Президент қарори асосида берилган хонадонларда томдан сув ўтиши, намлик ва қурилиш камчиликлари борлигини айтмоқда. Видеода сувни тутиш учун қўйилган идишлар кўринади.

Хонадонлар Президентнинг 737-сонли қарори асосида ажратилган бўлиб, ушбу подъездда яшовчилар орасида ногиронлиги бўлган ёлғиз аёллар ҳам бор. Бироқ, кўп қаватли уйда ҳозиргача лифт ўрнатилмагани сабабли юқори қаватларда яшовчилар ҳар куни зиналарда сарсон.

Шунингдек, том қисмида изоляция ишлари сифатсиз бажарилган ва сув оқиб кетиши учун зарур нишаблик таъминланмаган. Ёмғирли кунларда томда сув тўпланиб, айрим хонадонларга намлик ва сув ўтиши кузатилмоқда.

Ушбу подъезд марказлашган сув тармоғига ҳам уланмаган, аҳоли подвалга ўрнатилган бўчка тўпланувчи сувдан фойдаланмоқда.

Уйнинг бошқа подъездларида зарур шароитлар яратилган бўлса-да, 1 подъезддаги қурилиш ишлари тўлиқ якунланмади. Фуқаролар лифт ўрнатиш, том қисмидаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда марказлашган ичимлик суви тармоғига улаш бўйича амалий чоралар кўрилишини сўрамоқда.