РОССИЯДАГИ ДРОН ҲУЖУМИ ЎЗБЕКИСТОННИ ФАЛАЖ ҚИЛДИ
Владимир вилоятидаги «Яндекс» дата-марказига дрон ҳужуми Ўзбекистонда такси, курьерлик ва бошқа рақамли сервистар ишини издан чиқарди. Бу воқеа мамлакатнинг хорижий IT инфратузилмага хавфли даражада боғланиб қолганини яққол кўрсатди.
Россиянинг Владимир вилоятидаги дата-марказга қилинган дрон ҳужуми Ўзбекистонда минглаб одамларнинг кундалик ҳаётига таъсир кўрсатди. Россия ҳудудидаги битта технологик инфратузилманинг ишдан чиқиши ўзбекистонликларни такси чақириш, буюртма бериш ва транспорт ҳаракатини кузатиш имкониятидан маҳрум қилди.
11 октябрь куни Yandex Go хизматларида кузатилган кенг кўламли узилишлар Ўзбекистон учун жиддий саволни саволни юзага чиқарди : мамлакатнинг кундалик ҳаёти нега Россиядаги серверлар фаолиятига бу қадар боғланиб қолган?
Россиянинг Владимир шаҳрида жойлашган «Яндекс» дата-марказга ҳужум ортидан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам компания хизматларида узилишлар кузатилган.
БИР СЕРВЕР ИШДАН ЧИҚСА, БУТУН МАМЛАКАТ АЗИЯТ ЧЕКАДИМИ?
Ўзбекистондаги носозликлар туфайли йўловчилар такси буюртма қила олмаган, ҳайдовчилар «Яндекс Про» иловасига кира олмаган, айрим курьерлик хизматлари ҳам қийинчиликка дуч келган.
Yandex Uzbekistan раҳбари Иззат Шукуров вазиятни жиддий техник носозлик деб атаб, фойдаланувчилар ва ҳамкорлардан узр сўради. У компания тўловлар, ҳайдовчиларга пул ўтказмалари ва мижозлар мурожаатлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш устида ишлаётганини билдирди.
Аммо масала фақат техник носозликда эмас.
Аслида, бу воқеа Ўзбекистоннинг рақамли инфратузилмасидаги заиф нуқтани очиб берди: мамлакатдаги муҳим хизматларнинг узлуксиз ишлаши хориждаги технологик тизимлар барқарорлигига боғлиқ.
Бугун Россиядаги дата-марказ дрон ҳужуми туфайли тўхтаган бўлса, эртага бу ҳолат электр таъминотидаги авария, киберҳужум, интернет алоқасининг узилиши ёки халқаро санкциялар оқибатида такрорланиши мумкин.
«ЯНДЕКС» — ҚУЛАЙ ХИЗМАТМИ ЁКИ ТЕХНОЛОГИК ҚАРАМЛИК ВОСИТАСИМИ?
«Яндекс» Ўзбекистон бозорига қулайлик, тезкорлик ва рақамли технологияларни олиб кирганини инкор этиб бўлмайди. Компания такси хизматини рақамлаштириш, йўловчи ва ҳайдовчиларни боғлаш, нақдсиз тўловларни ривожлантиришга ҳисса қўшди.
Бироқ қулайликнинг ҳам ўз баҳоси бор.
Рақамли платформалар бозорида битта йирик компаниянинг устунлиги кучайган сари жамиятнинг унга қарамлиги ҳам ортади. Ҳайдовчилар даромади, йўловчилар ҳаракати, курьерлар буюртмалари ва тадбиркорларнинг айрим хизматлари ягона технологик экотизимга боғланади.
Бу ерда муаммо компаниянинг Россияга мансублиги билангина чекланмайди. Ҳар қандай хорижий технологик гигантга ҳаддан ташқари боғланиш шундай хавфларни келтириб чиқаради.
Бироқ «Яндекс» мисолида қўшимча геосиёсий омил мавжуд: Россия Украинага қарши уруш олиб бораётган ва унинг инфратузилмаси ҳарбий ҳужумлар хавфи остида турган шароитда Ўзбекистоннинг рақамли хизматлари ҳам билвосита ушбу хавфларга дуч келмоқда.
11 октябрь воқеаси бу эҳтимолнинг назарий эмаслигини кўрсатди.
ЎЗБЕКИСТОН НЕГА РОССИЯДАГИ УРУШ ОҚИБАТЛАРИНИ ҲИС ҚИЛИШИ КЕРАК?
Ўзбекистон Россия ва Украина ўртасидаги урушнинг иштирокчиси эмас. Бироқ Россия ҳудудидаги технологик инфратузилмага боғлиқлик мамлакатни ушбу урушнинг иқтисодий ва техник оқибатларига нисбатан заифлаштиради.
Бу ҳолат иқтисодий мустақилликнинг янги мезонини ҳам кўрсатмоқда.
Илгари давлатларнинг мустақиллиги асосан энергетика, озиқ-овқат ва молия тизими билан ўлчанган бўлса, энди рақамли инфратузилма ҳам стратегик аҳамият касб этмоқда.
Агар мамлакатдаги миллионлаб одамлар фойдаланадиган хизматнинг барқарорлиги бошқа давлат ҳудудидаги дата-марказга боғлиқ бўлса, бу рақамли суверенитет масаласидир.
Албатта, «Яндекс»нинг барча маълумотлари Россияда сақланади ёки унинг барча хизматлари Россиядан бошқарилади, деган хулосага келиш учун очиқ далиллар етарли эмас. Аммо компаниянинг ўзи тақсимланган ҳисоблаш инфратузилмасида бир мамлакатдаги носозлик бошқа мамлакатлардаги хизматларга таъсир қилишини тасдиқлаган.
Демак, Ўзбекистон учун асосий савол — маҳаллий хизматлар хориждаги инфратузилма ишдан чиққан тақдирда қанчалик мустақил ишлай олиши.
РАҚОБАТСИЗ БОЗОР
«Яндекс» билан боғлиқ воқеа Ўзбекистонда рақамли хизматлар бозоридаги рақобат масаласини ҳам долзарблаштирди.
Агар бирор платформа бозорда ҳаддан ташқари устун мавқега эга бўлса, истеъмолчида муқобил танлов камаяди. Ҳайдовчи бошқа хизматга осон ўта олмайди, йўловчи эса носозлик пайтида ишончли альтернативани топишда қийналади.
Шунинг учун давлатнинг вазифаси хорижий компанияни тақиқлаш эмас, балки маҳаллий ва халқаро рақобатчилар учун тенг шароит яратишдан иборат бўлиши керак.
Бундан ташқари, йирик платформалардан фавқулодда вазиятларда хизматларни тиклаш режаси, маълумотларни ҳимоя қилиш кафолатлари ва тўловларни узлуксиз амалга ошириш механизмлари талаб қилиниши лозим.
Айниқса, Ўзбекистондаги фойдаланувчиларга хизмат кўрсатувчи тизимларнинг қайси қисми хорижий дата-марказларга боғлиқ экани очиқ ва мустақил техник баҳолашдан ўтказилиши муҳим.
11 октябрдаги узилиш оддий техник авария сифатида унутилиши мумкин. «Яндекс» хизматларини тиклайди, ҳайдовчилар яна йўлга чиқади, йўловчилар яна такси буюртма қилади.
Аммо муаммонинг илдизи қолади.
Ўзбекистон ўз иқтисодиётини модернизация қилиш, рақамли давлат қуриш ва технологик мустақилликка эришиш ҳақида гапираётган бир пайтда, муҳим хизматларнинг хориждаги инфратузилмага қарамлиги жиддий муҳокама қилиниши шарт.
Бу воқеадан чиқариладиган сабоқ «Яндекс»дан воз кечиш эмас. Сабоқ — ҳеч бир компанияга шундай даражада боғланиб қолмасликки, унинг хориждаги серверида юз берган авария Ўзбекистондаги кундалик ҳаётни издан чиқармасин.
Зеро, XXI асрда қарамлик фақат сиёсий ёки иқтисодий бўлмайди. У технологик ҳам бўлади.
Ва баъзан бу қарамликни англаш учун Россиядаги битта дата-марказнинг ишдан чиқиши кифоя қилади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг