ЯККАБОҒДА МАКТАБ ЎҚУВЧИЛАРИ ОРАСИДА ЕЛИМ ҲИДЛАШ ҲОЛАТЛАРИ КЎПАЙГАНИДАН ОТА-ОНАЛАР ХАВОТИРДА
Яккабоғдаги 12-мактаб ўқувчилари орасида елимни пакетга солиб ҳидлаш ҳолатлари кўпайгани айтилмоқда. Ота-оналар мактаб маъмурияти муаммони яшираётганини иддао қилиб, масъул идоралардан зудликча чора кўришни сўрамоқда.
Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги 12-сонли мактаб ўқувчилари орасида елимни пакетга солиб ҳидлаш ҳолатлари кўпайиб бораётгани айтилмоқда. Элтузарга мурожаат қилган ота-оналар эса мактаб раҳбарияти муаммони очиқ муҳокама қилиш ўрнига, директор обрўсига путур етмаслиги учун уни яширишга уринаётганини иддао қилмоқда.
Мурожаат қилган ота-оналарнинг айтишича, бу ҳолат айрим ўқувчилар орасида тарқалаётган бўлса-да, муаммога етарлича жиддий муносабат билдирилмаяпти.
Ота-оналар яна мактаб раҳбарияти мазкур вазият ошкор бўлса, директор обрўсига салбий таъсир қилиши мумкинлигидан қўрқиб, муаммони яширишга ҳаракат қилаётганини иддао қилмоқда.
Хўш, мактаб обрўсини сақлаш муҳимми ёки болаларнинг соғлиғини?
Агар ўқувчилар орасида заҳарли моддаларни ҳидлаш ҳолатлари ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлса, уни яшириш, кичрайтириб кўрсатиш ёки “обрў” баҳонасида сукут сақлаш вазиятни янада оғирлаштириши мумкин.
Бундай ҳолатда мактаб маъмурияти, профилактика инспектори, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда ота-оналар ҳамкорликда зудлик билан чора кўриши лозим.
“Биз фарзандларимиздан хавотирдамиз. Яккабоғ тумани ИИБ ушбу вазиятни назоратга олишини сўраймиз”, дейилади мурожаатда.
Элтузар Яккабоғ тумани ИИБ, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда 12-сонли мактаб раҳбариятидан ҳолатни ўрганиб, жамоатчиликка очиқ тушунтириш беришини кутади.
Болалар саломатлиги хавф остида турган жойда “обрўни сақлаш” баҳона бўла олмайди. Сукут эса муаммони йўқ қилмайди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг