ЯККАБОҒДА ЭЛЕКТР ҲИСОБЛАГИЧЛАР ИШДАН ЧИҚДИ – АҲОЛИ ЗАРАРНИ ҚОПЛАШГА МАЖБУРМИ?
Қашқадарёнинг Яккабоғ туманида юзлаб электрон электр ҳисоблагичлар ишдан чиққани, аҳолига эса янгисини «ўзингиз сотиб олинг» дея талаб қўйилаётгани айтилмоқда. Фуқаролар бу харажатни ким кўтариши кераклигига расмий жавоб кутмоқда.
Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида юзлаб фуқароларнинг электр ҳисоблагичлари ишдан чиқди. Маҳаллий аҳоли сўзларига кўра, 2018 йилда ўрнатилган кўплаб электрон электр ҳисоблагичлари бугунги кунда алоқага чиқмай қолган ёки умуман ишламаяпти.
Фуқароларни энг кўп ташвишга солаётган масала ҳисоблагичларни алмаштириш жараёни бўлмоқда. Носоз ҳисоблагич ўрнига янгисини ўрнатиш учун «ўзингиз сотиб олинг» деган талаб қўйилмоқда.
Электр ҳисоблагичларини таъминлаш ва хизмат кўрсатиш электр таъминоти ташкилотининг вазифаси бўлса, нима учун бу харажатни оддий фуқаро кўтариши керак? Мантиқ қани?
Фуқароларнинг билдиришича, Яккабоғ туман электр тармоқлари раҳбари Асрор Минггишовга қилинган мурожаатларга «вилоятдан келса берилади» деган жавоб қайтариляпти. Ноаниқ муддат ва ваъдалар одамларни сарсон қилмоқда.
Маҳаллий аҳоли масъул ташкилотлардан очиқ ва расмий изоҳ кутмоқда. Ҳисоблагичларни алмаштириш учун ҳақиқатдан ҳам фуқаролар маблағ тўлаши талаб этилса, бунинг ҳуқуқий асоси нимада? Электр энергияси учун сезиларли даражада ҳақ тўлаётган аҳоли сифатли хизмат талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг