Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида дарахтлар кесилиши билан боғлиқ ҳолат жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда.

Элтузар 11 май куни нашр қилган хабарда Яккабоғ туманида жойлашган нефть базаси яқинидаги ерлар электрон аукционда сотиб юборилгани маълум қилинган эди. Унда шунингдек сотилган автотураргоҳнинг янги эгаси ҳудуддаги дарахтларни кесиб тақир чўлга айлантираётгани таъкидланган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган мурожаатда айтилишича, мутасаддилар табиатга зарар етказилгани, қонун бузилгани ҳақидаги масалани ўрганиш ўрнига муаммони кўтарган фуқарони излаш ва суриштириш билан банд.

Мурожаат муаллифига кўра, асосий саволлар бошқача бўлиши керак: нега дарахтлар кесилди, бу ишга ким рухсат берди ва табиатга етказилган зарар учун ким жавоб беради? Аммо бу саволлар очиқ қолиб, аксинча ҳолатни жамоатчиликка етказган инсон айбдор сифатида кўрилаётгани таъкидланмоқда.

Шунингдек, мурожаатда бундай ёндашув жамиятнинг адолатга бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатиши қайд этилган. Фуқаро экологияга бефарқ бўлмай, муаммони очиқлаган бўлса, уни қўллаб-қувватлаш кераклиги, аксинча босим ёки қўрқитиш йўли танланмаслиги лозимлиги урғуланган.

Муаллиф ижтимоий тармоқларни “халқ овози” деб атаб, агар одамлар муаммоларни эркин айта олмай қолса, қонунбузарликлар янада кўпайиши мумкинлигини билдирган.

Мурожаат сўнгида эса экологияни муҳофаза қилиш вазифаси юкланган масъуллардан аввало дарахт кесилишига алоқадор шахсларни аниқлаш, табиатни асраш чораларини кўриш талаб қилинган. “Ҳақиқатни айтган одамни қидириш муаммони ҳал қилиш эмас, уни яширишга уринишдир”, дейилади мурожаатда.