ХУСУСИЙ МАКТАБ 8–12 МЛН, СОЛИҚ ИМТИЁЗИ ЭСА ҲАНУЗ 3 МЛН
Ўзбекистонда хусусий мактаб ва боғчалар учун ойига 3 млн сўмгача бўлган даромад қисмига қўлланадиган солиқ имтиёзи нархлар 8–12 млн сўмгача кўтарилган бир пайтда қанчалик долзарб экани муҳокама қилинмоқда. Имтиёзни қайта кўриб чиқиш таклиф этилмоқда.
Элтузарга йўлланган мурожаатда хусусий мактаб ва боғчалар учун белгиланган даромад солиғи имтиёзи бугунги нархларга мос келмай қолгани айтилиб, уни қайта кўриб чиқиш масаласи кўтарилди.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 378-моддаси 16-бандига кўра, ота-онанинг фарзандига нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ёки мактаб кўрсатадиган таълим хизматлари учун йўналтирган даромадининг ҳар бир фарзандга ойига 3 миллион сўмгача бўлган қисми жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди.
Мазкур имтиёз 2022 йилда ЎРҚ-785-сон қонун билан жорий этилган. 2026 йил 17 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-1129-сон қонун билан норма кенгайтирилиб, ногиронлиги бўлган болаларнинг кундузги парвариш хизмати учун тўловлар ҳам унга қўшилди. Аммо хусусий мактаб ва боғчалар учун белгиланган 3 миллион сўмлик чегара ўзгаришсиз қолди.
Бу ерда бир жиҳатни аниқлаштириш муҳим: ота-онага 3 миллион сўмнинг ўзи қайтарилмайди. Балки шу сумма доирасидаги даромад ЖШДСдан озод қилинади. Амалдаги 12 фоизлик ставка ҳисобида бу бир фарзанд учун ойига энг кўпи билан 360 минг сўм солиқ тежамкорлиги дегани.
Элтузарга мурожаат қилган фуқаронинг айтишича, сўнгги йилларда хусусий мактаблардаги ойлик тўловлар сезиларли ошган.
«Ҳозир хусусий мактаблар учун ойлик тўлов кўп ҳолларда 8–12 миллион сўмгача етган. Иш ҳақлари ва бошқа харажатлар ҳам ошди, аммо солиқ имтиёзи чегараси 3 миллион сўмлигича қолмоқда», – дейилади мурожаатда.
Агар мактаб тўлови 8 миллион сўм бўлса, имтиёз унинг 37,5 фоизига, 12 миллион сўм бўлса, атиги 25 фоизигача бўлган қисмини қамраб олади.
Мурожаат муаллифи яна бир масалага эътибор қаратган. Унинг таъкидлашича, айрим шаҳар давлат мактабларида турли пулли қўшимча машғулотлар ва марказлар ташкил этилган бўлиб, ота-оналар улар учун ойига 1 миллион сўм атрофида тўлов қилишига тўғри келмоқда.
Муаллиф бундай тўловларни «ихтиёрий-мажбурий» деб баҳолайди ва улар хусусий мактаблар учун бериладиган мазкур солиқ имтиёзи доирасига кирмаслигини таъкидлайди. Элтузар бу даъволарни мустақил равишда тасдиқлагани йўқ.
Масаланинг асосий саволи эса очиқ қолмоқда: 2022 йилда белгиланган 3 миллион сўмлик чегарани бугунги таълим нархлари ва аҳоли даромадларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш вақти келмадими?
Хусусан, имтиёз миқдорини қатъий 3 миллион сўмда сақлаш ўрнига уни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ёки бошқа индексация қилинадиган кўрсаткичга боғлаш масаласи ҳам муҳокама қилиниши мумкин.
Элтузар Солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини мазкур масала юзасидан муносабат билдиришга чақиради.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг