ХОРИЖГА САЁҲАТ ҚАЧОН МУВАФФАҚИЯТ МАРКЕРИГА АЙЛАНДИ?
Ижтимоий тармоқлар ва арзон авиачипталар фонида хорижга саёҳат қилиш қандай қилиб муваффақият ва мақом белгисига айланди? Мақолада намойишкорона истеъмол, «идеал ҳаёт» образи ва сафарнинг ҳақиқий қадри ҳақида сўз боради.
Интернет оммалашишидан аввал саёҳат қилиш кўпчилик учун дам олиш дунёқарашнм кенгайтириш воситаси эди. Интернет барини ўзгартирди, ҳозир ахборот топиш осон, дунёқараш ҳам экран қаршисида кенгаяверяпти.
Бугун саёҳат ижтимоий мақом ва муваффақият рамзига айланиб қолди. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларни кузатсангиз, одамнинг қанча давлатга боргани, қаерда дам олгани ёки қайси машҳур жойда суратга тушгани унинг муваффақиятини баҳолаш мезонига айланиб қолганини кўриш мумкин. Хорижга кетишдан олдин чиптани қизил паспорт ичига солиб селфи қилиш ҳозир «мўда».
Бу ўзгаришнинг асосий сабабларидан бири — ижтимоий тармоқлар. Илгари саёҳат шахсий хотира бўлган бўлса, бугун у оммага намойиш қилинадиган контентга айланди. Париждаги қаҳва, Мальдив оролларидаги пляж ёки Токиодаги кўчада селфи расмга тушиш ижтимоий капиталҳисобланади. Саёҳатнинг ўзи учун эмас, балки уни кўрсатиш учун ҳам саёҳат қилаётгандар талай.
Бу тренд иқтисодий омиллар билан ҳам боғлиқ. Илгари хорижга чиқиш қиммат ва чекланган имконият эди. Арзон авиачипталар, онлайн брон қилиш тизимлари ва визаларнинг соддалашиши саёҳатни кенг омма учун ҳам очиқ қилди. Шу билан бирга, оммалашган нарса ўз қийматини йўқотмади — аксинча, кўпроқ ва узоқроқ саёҳат қилиш янги мақом белгисига айланди.
Психологлар бу ҳолатни «намойишкорона истеъмол» деб изоҳлайди. Илгари бойлик қиммат машина ёки катта уй билан кўз-кўзланган бўлса, бугун таассуротлар ҳам истеъмол объектига айланди. «Мен қаерда бўлдим?» деган савол баъзан «Мен кимман?» деган саволнинг ўрнини эгалламоқда.
Бироқ саёҳатнинг муваффақият рамзига айланиши ҳар доим ҳам ҳақиқий фаровонликни англатмайди. Айримлар кредитга саёҳат қилади, бошқалар эса ижтимоий тармоқларда идеал ҳаёт образини яратиш учун воқеликни бўрттиради. Шунинг учун интернетда кўринаётган манзара ҳар доим ҳам инсоннинг ҳақиқий ҳаётини акс эттирмаслигини аншлаш лозим.
Аслида саёҳатнинг энг катта қиймати — янги маданиятлар билан танишиш, дунёқарашни кенгайтириш ва инсонни ўзгартира олишидир. Агар сафарлар фақат бошқаларга таъсир қолдириш воситасига айланса, унинг асосий мазмуни йўқолиб қолади.
Шу боис, муваффақиятни босиб ўтилган километрлар ёки паспортдаги муҳрлар сони билан белгиланмайди. Муваффақиятни инсоннинг билимлари, қадриятлари ва ҳаёт сифати билан ўлчаш тўғрироқ бўлади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг