Яқинда Владивосток шаҳрида оғир моддий аҳволга тушиб қолган бир ўзбекистонлик оила дипломатлар кўмагида Ватанга қайтарилди. Эр-хотин ва уларнинг уч нафар вояга етмаган фарзанди Ўзбекистон Миграция агентлиги жамғармаси маблағлари ҳисобидан юртга олиб келинди. Бу алоҳида бир воқеа эмас. Кейинги йилларда хорижда турли сабабларга кўра мушкул вазиятга тушиб қолган ватандошларимизга консуллик идоралари томонидан амалий ёрдам кўрсатиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда.

Аксарият фуқаролар чет элга ишлаш ва оиласининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида йўл олади. Бироқ барча ҳам иш берувчи билан расмий шартнома тузмайди ёки борилаётган давлатнинг меҳнат қонунчилиги ҳақида етарли маълумотга эга бўлмайди. Натижада ишсиз қолиш, ойликни ололмаслик, ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар ёки яшаш жойидан маҳрум бўлиш ҳолатлари кузатилади.

Айрим ҳолатларда эса фуқаролар турли фирибгарларнинг ваъдаларига ишониб, катта даромад умидида чет элга чиқади. Боргач эса иш шароити умуман бошқача экани, иш ҳақи тўланмаслиги ёки ваъда қилинган ишнинг ўзи мавжуд эмаслиги маълум бўлади. Бу эса инсонни нафақат молиявий, балки руҳий жиҳатдан ҳам оғир аҳволга солади.

Муаммони янада оғирлаштирадиган жиҳат – айрим ватандошлар қийинчиликка учраганини ўз вақтида ҳеч кимга билдирмайди. Уят бўлади, деган ўй ёки муаммони мустақил ҳал қилишга уриниш вақтни бой беради. Натижада қарздорлик ортиб, яшаш ва озиқ-овқат билан боғлиқ муаммолар келиб чиқади. Агар оилада ёш болалар ҳам бўлса, вазият янада мураккаблашади.

Шунинг учун хорижга кетишдан олдин иш берувчини текшириш, расмий меҳнат шартномаси асосида ишлаш, зарур ҳужжатларни тайёрлаш ва энг муҳими, мамлакатимиз дипломатик ваколатхоналарининг алоқа маълумотларини олдиндан сақлаб қўйиш муҳим аҳамиятга эга.

Агар хорижда кутилмаган муаммога дуч келсангиз, ёрдам сўрашдан тортинманг. Ўзбекистоннинг элчихона ва бош консулхоналари фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, зарур консуллик ёрдамини кўрсатиш ҳамда имконият доирасида Ватанга қайтиш масаласида амалий кўмак бериш бўйича иш олиб бормоқда.

Энг муҳими, қийин вазиятни яшириш эмас, уни ўз вақтида маълум қилишдир. Чунки эрта мурожаат қилинса, муаммони ҳал этиш имконияти ҳам шунчалик юқори бўлади.