ХОРИЖДА БЕПУЛ МАЛАКА ОШИРИШ КВОТАЛАРИ СОТИБ ЮБОРИЛЯПТИ, СХЕМА ҚАНДАЙ ТУЗИЛГАН?
Давлат ҳисобидан чет элдаги бепул малака ошириш квоталари пулга сотилаётгани, Тошкент вилояти малака ошириш институти ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида танлов жараёнлари шаффоф эмаслиги ҳақида айбловлар ўрганилди.
Давлат ҳисобидан ташкил этиладиган чет элдаги бепул малака ошириш дастурларда иштирок квоталарни раҳбарлар шаффоф танлов асосида эмас, пул эвазига тақсимлаётгани ҳақида жиддий айбловлар юзага қалқиди.
Иддаоларда қайд этилишича, ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси томонидан турли соҳалар вакилларини нуфузли хорижий таълим муассасалари ва малака ошириш марказларига давлат ҳисобидан юбориш учун квоталар ажратилади. Бироқ ушбу имкониятлар ҳақиқий муносиб номзодларга эмас, маблағ тўлаш имкониятига эга шахсларга бериляпти.
Маълумотларда Тошкент вилояти малака ошириш институти раҳбари Тимур Калмуратов ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Стратегик ривожланиш ва халқаро рейтинглар бошқармаси бошлиғи Раҳматиллоев Оятилло Зикриллаевичнинг исмлари тилга олинади. Улар давлат ҳисобидан ажратилган чет элдаги бепул малака ошириш ўринларини тақсимлашда қонунбузилишларга йўл қўйгани иддао қилинмоқда.
Бундан ташқари, институтда кадрлар сиёсати юзасидан ҳам эътирозлар кўпайган. Айрим ходимлар босим остида ишдан бўшатилиб, уларнинг ўрнига малака талабларига жавоб бермайдиган ёки педагогик фаолият билан шуғулланмаган шахслар ишга қабул қилиняпти.
Шунингдек, ходимларга меҳнат таътили вақтида берилиши лозим бўлган моддий ёрдам маблағлари ҳам «ҳисобда пул йўқ» деган важ билан тўланмайди. Тошкент вилояти малака ошириш институти, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмий муносабат билдиришадими?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг