СВЕТОФОРГА ЁЛЧИГАН ХОРАЗМ ЙЎЛЛАРИ ҚАЧОН ТЕКИСЛАНАДИ?
Урганч, Гурлан ва Хонқада янги светофорлар ўрнатилди, аммо улар учун ковланган йўл қопламаси ойлар давомида текисланмай қолмоқда. Ўйдим-чуқурлар ҳайдовчилар учун хавф ва қўшимча харажатларга сабаб бўлмоқда.
Хоразм вилоятининг Урганч, Гурлан, Хонқадан ўтган бир қатор кўчаларда янги светофорлар ўрнатилди. Лекин ишни чала қилиш ўзбек миллий менталитетининг хусусияти бўлгани сабаб светофор учун кавланган йўл қопламаси қайта текисланмасдан қолиб кетди.
Мана бир неча ойдан бери йўл ўртасида чуқурлар ва нотекисликларни деб шўпрларнинг жигари эзилиб, мошинларнинг «ходовойи» тўкилмоқда.
Ушбу кўчалардан ҳаракатланувчи ҳайдовчилар автомобилларига шикаст етаётгани, кечаси ёки ёмғирли об-ҳавода ўйдим-чуқурлар жиддий хавф туғдираётганини таъкидлашмоқда.
Муаммо кеча пайдо бўлган эмас. Орадан бир неча ой ўтганига қарамай, ковланган жойларни тўлиқ тиклаш бўйича бирор чора кўрилмади.
Светофорлар ўрнатилган ҳудудлардаги йўл қопламаси қачон тўлиқ таъмирланади? Ковланган жойларни аввалги ҳолатига келтириш қайси ташкилот зиммасида ва нега бу ишлар ҳанузгача якунланмаган?
Давлат маблағи ҳисобидан бажарилаётган ҳар қандай лойиҳа сифатли ва тўлиқ тугалланиши лозим. Хоразм вилояти ҳокимлиги, Урганч шаҳар ҳокимлиги бошқа мутасадди ташкилотлардаги ёшуллилардан ушбу ҳолатга муносабат билдиришларини сўраймиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг