Хива шаҳрида содир бўлгани айтилaётган ҳолат жим қолиб бўлмайдиган даражада оғир. Мурожаатга кўра, 50 ёшли, 2-гуруҳ ногирони бўлган, оғир хасталикларни бошидан кечирган фуқарога ички ишлар ходими томонидан шафқатсиз куч ишлатилган.

Айтилишича, Раҳимов Тоҳир Камилович 17 апрель куни дўстлари билан тамаддихонада овқатланган. Ҳисоб-китоб пайтида кичик қарздорлик чиққан. Шу сабаб кафе эгаси профилактика инспекторини чақирган.

Лекин инспектор вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш ўрнига, “тўлайман, дўстим ҳозир келади” деган инсонни эшитмаган. Аксинча, мурожаатда айтилганидек, у 2-гуруҳ ногирони бўлган бемор одамга электрошокер ишлатган, сўнг бошига дубинка билан бир неча марта урган.

Энг даҳшатлиси, жабрланувчи оддий бемор эмас. У сурункали жигар циррозига чалинган, аввал миясига қон қуйилиб, оғир операцияни бошдан кечирган инсон.

Шундай аҳволдаги одамнинг бошига дубинка билан уриш инсон ҳаётини писанд қилмаслик. Бу мансаб ортига яшириниб, ожиз одамга куч кўрсатиш. Бу қонунни ҳимоя қилиш эмас, қонунни оёқости қилишдир.

Қонун посбони ногирон, касал, ҳимоясиз инсонга қарши дубинка кўтарса, халқ кимга ишонади?

Инсон қадри ҳақида баландпарвоз гаплар айтиш осон. Лекин асл синов шунда: ожиз инсонни ҳимоя қилиш ўрнига уни калтаклаганларга нисбатан амалда чора кўриладими?

Бу ҳолат юзасидан мутасадди идоралар зудлик билан муносабат билдириши, воқеа холис ўрганилиши ва айбдор шахс қонун олдида жавоб бериши шарт. Акс ҳолда “инсон қадри” ҳақидаги ҳар қандай гап шунчаки шиор бўлиб қолаверади.

Ногирон инсонга электрошокер ва дубинка ишлатган кимсага оқлов йўқ.
Бу ҳолат жамоатчилик назоратига олиниши керак.