“Халқ дарди” лойиҳаси асосчиси, блогер Отабек Ҳамидов қўлга олинганидан кейин унинг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев номига ёзган билдиришномаси нусхаси ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Ҳужжатда қайд этилишича, 2026 йил 7 май куни ушланган ва ҳозирда Андижон вилояти Ички ишлар бошқармасида сақланаётган блогер ўзига нисбатан қилинаётган муносабатларга норозилик сифатида очлик эълон қилган. Шунингдек, у вазиятни Бош прокурордан шахсан назоратга олишни сўраган.

Бунга қадар Отабек Ҳамидов Тошкент шаҳрида қўлга олиниб, Андижон вилоятига олиб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Унинг яқинларига кўра, блогер 7 май куни Тошкент шаҳар прокуратурасидан чиқиб, Олий суд томон кетаётганида ушланган.

Ҳамидовнинг укаси Азизбек Ҳамидовнинг билдиришича, блогернинг автомобили светофорнинг қизил чироғида тўхтаган пайтда бир нечта ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ўраб олинган ва кейинчалик Андижонга олиб кетилган.

Шунингдек, 8 майга ўтар кечаси блогернинг Тошкент шаҳри Янги Ҳаёт туманидаги уйида тинтув ўтказилгани айтилмоқда. Қариндошларига кўра, тунги соатларда ички ишлар ходимлари уйга кириб, телефон ва планшетларни олиб чиқиб кетган. Оила аъзолари тинтув вақтида вояга етмаган фарзандлар қўрқитилганини ҳам иддао қилмоқда.

Бундан ташқари, Отабек Ҳамидовнинг Андижон вилояти Асака туманидаги ота ҳовлисида ҳам тинтув ўтказилгани, у ердан 14 та диск олиб кетилгани билдирилди.

Журналист Илёс Сафаров эса ушбу ҳолат икки йил аввал юз берган баҳсли воқеа билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини ёзди. Унга кўра, ўша пайтда номаълум аёл блогернинг яқинларига 500 доллар қолдирганидан сўнг тезкор ходимлар келиб, пулни ашёвий далил сифатида олиб кетган.

Ҳамидовнинг яқинлари блогер бу пуллардан мутлақо бехабар бўлганини таъкидламоқда.

Отабек Ҳамидов сўнгги олти йил давомида “Халқ дарди” лойиҳаси орқали ижтимоий муаммолар ва маҳаллий амалдорлар фаолиятини ёритиб келган. Унинг YouTube саҳифасида қарийб 70 минг обуначи бор.

Ҳозирча ҳуқуқ-тартибот идоралари блогернинг қўлга олиниши, очлик эълони ва унга қўйилган эҳтимолий айбловлар юзасидан расмий муносабат билдирмади.