Сўнгги кунларда Россиянинг йирик маркетплейсларидан бири Wildberries ўзининг Россиядаги логистика инфратузилмасининг бир қисмини Ўзбекистон, Қозоғистон ва Беларусга кўчириши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Бироқ Wildberries бу хабарларни рад этди. Компания матбуот хизмати Россиядаги асосий логистика қувватларини бошқа давлатларга, жумладан Ўзбекистонга кўчириш режаси йўқлигини маълум қилди. Компанияга кўра, хорижда янги омборлар қурилиши Россиядаги объектларни кўчириш билан эмас, балки аввалдан тасдиқланган халқаро ривожланиш стратегияси билан боғлиқ.

Шу билан бирга, Wildberries’нинг Ўзбекистондаги логистика инфратузилмасини кескин кенгайтираётгани – тасдиқланган факт.

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, Wildberries 2022 йилда Ўзбекистон бозорига кирган ва мамлакат компаниянинг халқаро ривожланишидаги муҳим йўналишлардан бирига айланган. Компания Тошкент вилоятида логистика маркази қурилиши учун 150 миллион доллар инвестиция киритишини ҳам эълон қилган.

Лойиҳа ҳақидаги маълумотлар вақт ўтиши билан янада кенгайган.

2025 йил декабрида Россия бош вазирининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров Wildberries Ўзбекистонда 100 минг квадрат метр майдонга эга йирик логистика марказини ташкил қилишини айтган эди. Ўша пайтда инвестиция миқдори 11 миллиард рублдан зиёд – тахминан 142 миллион доллар деб баҳоланган ва мажмуани босқичма-босқич 2026 йил охиригача ишга тушириш режаси маълум қилинган. Марказда қарийб 7,5 мингта иш ўрни яратилиши ҳам айтилган.

Бироқ кейинги режалар анча йириклашди.

2026 йил июнида Wildberries & Russ бирлашган компанияси бош ижрочи директори Роберт Мирзоян Тошкент халқаро инвестиция форумида компания Ўзбекистонда Марказий Осиё логистика хабини ташкил этишини маълум қилди.

Янги режага кўра, Тошкент вилоятида қурилаётган омбор мажмуасининг майдони қарийб 170 минг квадрат метрни ташкил қилади. У Wildberries’нинг мавжуд саралаш маркази ва компания фаолият юритаётган бошқа мамлакатлардаги инфратузилмалар билан ягона тизимга бирлаштирилади.

Энг муҳими, компания Ўзбекистон иқтисодиётига киритиладиган инвестициялар ҳажмини энди 300 миллион доллардан зиёд деб кўрсатмоқда. Бу маблағ фақат битта омбор қурилишига эмас, балки логистика инфратузилмасини кенгайтириш ва янги сервисларни ишга туширишга йўналтирилиши режалаштирилган.

Wildberries режасига кўра, Ўзбекистондаги хаб оддий ички омбор вазифасини бажармайди. У бутун Марказий Осиёдаги товар оқимларини бирлаштирувчи марказга айланиши керак.

Компания Россия – Ўзбекистон – Яқин Шарқ йўналишида ягона логистика занжирини шакллантиришни, шунингдек Хитойдан Ўзбекистон орқали Африка бозорларига товар олиб ўтиш учун транзит йўлини ривожлантиришни режалаштирмоқда. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш ҳам хабнинг асосий вазифаларидан бири бўлади.

Wildberries учун Ўзбекистон бозорининг аҳамияти ҳам ошиб бормоқда. Расмий маълумотларга кўра, сўнгги икки йилда ўзбекистонлик сотувчиларнинг платформадаги савдоси 1 миллиард доллардан ошган. Ўзбекистон маҳсулотларининг Россияга экспорти эса 63 фоизга кўпайган.

Россиядаги Wildberries омборларига дрон ҳужумлари бўлгани ва бу ҳодисалар ўзбекистонлик тадбиркорларга ҳам таъсир қилгани расман тасдиқланган. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги 12 август куни ушбу ҳужумлар натижасида Россиядаги Wildberries омборларида сақланган ўзбекистонлик тадбиркорлар маҳсулотларига етказилган эҳтимолий зарарни ўрганиш учун махсус штаб ташкил этилганини маълум қилди.

Айнан шу воқеалар ортидан Wildberries Россиядаги айрим товарларни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Беларус омборларига ўтказиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.