ВГИК ФИЛИАЛИДА БЕЛОРУС ТАЛАБА ҲУҚУҚЛАРИ ПОЙМОЛ БЎЛМОҚДА
Беларуслик талабанинг Тошкентдаги ВГИК филиалида ҳуқуқлари бузилаётгани, ундан қўшимча тўлов талаб қилиниб, имтиҳонга қўймаслик ва ўқишдан четлатиш билан таҳдид этилаётгани айтилаяпти. Бу ҳолат Ўзбекистон таълим тизими нуфузига қанчалик таъсир қилади?
Беларус фуқароси Алина Гребенчикова Тошкентдаги ВГИК филиалида ҳуқуқлари бузилаётганини маълум қилмоқда.
Унинг айтишича, Россиядаги бош ВГИК томонидан академик қарздорликсиз қабул қилинган бўлишига қарамасдан, Тошкент филиали ундан ўқимаган биринчи курс фанлари учун қўшимча тўлов талаб қилмоқда, акс ҳолда имтиҳонларга қўймаслик ва ҳатто ўқишдан четлатиш билан таҳдид қилинмоқда.
Масала шунчалик жиддий тус олганки, Москвадаги ВГИК раҳбарияти расман Тошкент филиали директоридан ушбу мурожаатни кўриб чиқиш ва изоҳ беришни талаб қилган.
Бу ҳақда университет проректори имзоси билан юборилган расмий хат ҳам Элтузарда мавжуд.
Бу ерда гап қандайдир хусусий таълим маркази ҳақида кетмаётир. ВГИК Тошкент филиали Васийлик кенгашига Ўзбекистон Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Тожихонов раҳбарлик қилади. Кенгаш аъзолари орасида Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев ҳам бор.
Савол туғилади: агар Беларусь фуқароси Россия давлат университетининг Тошкент филиалида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаётган бўлса, Москвагача шикоят қилишга мажбур бўлаётган бўлса, бу ҳолат мамлакатимиз таълим тизими ва халқаро нуфузи ҳақида қандай тасаввур уйғотади?
Бугун гап бир талаба ҳақида кетмоқда. Эртага эса Ўзбекистонда таҳсил олишни режалаштираётган бошқа хорижликлар ҳам худди шундай савол бериши мумкин: қонун устуворми ёки маҳаллий “ўзбекчилик”ми?
Тегишли мутасаддилар ушбу ҳолатга очиқ ва асосли муносабат билдириши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки гап фақат бир талабанинг тақдири ҳақида эмас, балки Ўзбекистоннинг таълим соҳасидаги обрўси ҳақида ҳам кетмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг