ВГИК БЕПУЛ ЎҚИШ ЭВАЗИГА ЎЗБЕК ТАЛАБАЛАРИНИ ДРОН ҚЎШИНЛАРИГА ЁЛЛАМОҚЧИ
Россиядаги ВГИК ўзбекистонлик ёшларга бепул ўқиш таклиф этиб, эвазига Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома ва дрон қўшинларида хизмат талаб қилмоқда. Шу билан бирга, Тошкент филиалидаги устахоналар ёпилиши ва “ўлик жонлар” бўйича саволлар кучаймоқда.
Россиядаги Бутунроссия давлат кинематография институти – ВГИК операторлик факультетига кирувчи ўзбекистонлик ёшларга 2027 ўқув йилидан бепул таълим таклиф қилмоқда. Аммо бир шарт билан – талаба Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаб, бир йил давомида учувчисиз учиш аппаратлари – дрон қўшинларида хизмат қилиши керак.
Оператор Михаил Агранович устахонаси қошидаги “махсус гуруҳ”га қабул ҳақидаги эълон ВГИК факультетининг “ВКонтакте”даги расмий саҳифасида жойлаштирилган.
Шу тариқа, кино санъати ва операторлик маҳоратини ўргатиши керак бўлган институт ёшларга камера тутишдан олдин ҳарбий дрон бошқаришни таклиф қилмоқда. Бепул диплом эса армия билан бир йиллик контрактнинг мукофотига айлантирилмоқда.
Россиянинг Украинага қарши уруши давом этаётган бир пайтда бу оддий таълим дастури эмас, олий таълим муассасаси орқали ёшларни ҳарбий хизматга жалб қилишнинг янги шаклидир.
Ушбу ҳолат ВГИКнинг Тошкентдаги филиали атрофида жиддий саволлар пайдо бўлган бир вақтга тўғри келмоқда.
Элтузар инсайдери маълумотига кўра, Москва Тошкент филиалидаги Тоҳир Саидов, Ҳолол Насимов, Жаҳонгир Насимов ҳамда филиал раҳбари Иқбол Мелиқўзиевга тегишли қўшимча профессионал таълим устахоналарини ёпмоқда.
Бунга устахоналар фаолиятига оид талаб қилинган ҳужжатлар Москвага тақдим этилмагани сабаб бўлгани айтилмоқда. Бу маълумот ҳозирча ВГИК раҳбариятининг Тошкент расмийларига ёзган мактубида зикр этилган.
Айнан шу устахоналарда аввал саккиз нафар “ўлик жон” аниқлангани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган. Яъни амалда тўлиқ ишламаган ёки дарс жараёнида кўринмаган шахсларга ҳужжатларда ходим ёки ўқитувчи сифатида ҳақ тўланган бўлиши мумкин.
Агар Москва устахоналарни ҳақиқатан ҳам ҳужжатлар тақдим этилмагани учун ёпаётган бўлса, демак, Тошкент филиалидаги кадрлар, маошлар ва молиявий ҳисоботларга оид саволлар энди ВГИК марказигача етиб борган.
Бу воқеаларда яна бир рамзий боғлиқлик бор. “Махсус гуруҳ”га дрон қўшинларида хизмат қилиш шарти билан талаба қабул қилаётган Михаил Аграновичнинг ўғли Алексей Агранович 2022 йилда Тошкент халқаро кинофестивали очилиш маросимининг режиссёри бўлган. Маросимда Ўзбекистоннинг юқори мартабали расмийлари ҳам иштирок этган.
Хўш, Тошкентда фаолият юритаётган Россия давлат институти ҳарбийлашиб бораётган бир пайтда унинг Ўзбекистон ёшларига таъсири ўрганиладими?
“Ўлик жонлар”га қанча маблағ тўланган ва бу пулларни ким олган?
Устахоналар нега ёпилмоқда ва филиал раҳбарияти бу маълумотни нега жамоатчиликдан яширмоқда?
Кино институти талабаларни ижодга эмас, дрон қўшинларига тайёрлашни бошлаган бўлса, бу Ўзбекистон ёшлари ва миллий хавфсизликка бевосита дахлдор масаладир.
Элтузар ВГИК раҳбарияти, унинг Тошкент филиали ҳамда Ўзбекистон Маданият вазирлигидан расмий изоҳ кутади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг