Элтузарга VEOLIA ENERGY TASHKENT корхонаси ходимлари меҳнат шароитлари, иш ҳақидаги номутаносиблик ва айрим раҳбарларнинг ходимларга муносабатидан норози бўлиб мурожаат йўллади.

Мурожаат муаллифининг билдиришича, аввал иссиқ сув ва иситиш тизими бошқармаси сифатида фаолият юритган ташкилот 2022 йилдан хорижий инвестиция иштирокидаги тузилма сифатида иш бошлаган. Бироқ аввалги тизимдан қолган ишчилар билан кейинчалик ишга қабул қилинган айрим ходимларнинг иш ҳақи ва рағбатлантириш масаласида сезиларли фарқ мавжуд.

«Биз эски иссиқ сув тизимида ишлаган ходимлар бўлганимиз учун ойлигимиз кам. Байрам муносабати билан бериладиган қўшимча пуллар ҳам баъзан бизга берилмайди. “Мукофот маоши кам ходимларга берилди” деган важ билан тушунтирилади, лекин айрим раҳбарлар ҳам бу маблағларни олаётгани тушунарсиз», — дейилади мурожаатда.

Корхонада раҳбарлик лавозимлари ва янги бўлимлар сони ортиб боряпти, айрим янги тузилмалардаги маошлар асосий иш жараёнини бажараётган ходимларникидан анча юқори. Корхонанинг асосий хизматлари юкланган ходимларнинг меҳнати ва иш ҳақи ўртасида мутаносиблик йўқ.

Мурожаатда айрим раҳбар ходимларнинг муносабати юзасидан ҳам жиддий эътирозлар билдирилган. Хусусан, бош бухгалтер Ольга Валерьевна Недбайнинг ўзбек ходимларига нисбатан камситувчи ва таҳқирловчи муносабатда бўлиши жамоани бездирди. Шунингдек, бўлим раҳбари Динара Саипжанова томонидан оддий хатолар учун ҳам ходимлардан тушунтириш хати талаб қилиниши ва ишдан бўшатиш учун важ қидирилаётгандек таассурот уйғотяпти.

Ташкилотларга ҳисоб-фактуралар раҳбарият тақдим этган рўйхат асосида юборилади. Бироқ айрим ҳолатларда ходимлар берилган кўрсатмани бажарганидан кейин ҳам айнан шу ҳаракати учун тушунтириш хати ёзишга мажбур бўлишяпти.

«Айтилган вазифани бажарсак, кейин “менинг хабарим йўқ, билмайман” дейишади. Биздан кичик хато ўтса, жазо масаласи кўтарилади. Лекин нега раҳбарият хатоларига нега худди шундай муносабат йўқ? Биз ҳам меҳнатимизга яраша ҳақ ва инсон сифатида ҳурмат талаб қиламиз. Бизни ким ҳимоя қилади? Таҳқирлашнинг ҳам чек-чегараси бор-ку. Пичоқ суякка тақалди», — дейди мурожаат муаллифи.

VEOLIA ENERGY TASHKENT раҳбарияти ҳамда меҳнат ҳуқуқларини назорат қилувчи мутасадди ташкилотлардан корхонадаги иш ҳақи тақсимоти, ходимларни рағбатлантириш тартиби, меҳнат муносабатлари ва ходимларга нисбатан билдирилган камситиш ҳолатлари юзасидан холис ўрганиш ўтказиш шарт. Лекин бунга жазм қиладиган ваколатли органлар борми?