21 май куни Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети инглиз тили йўналишида ўқийдиган 2-курс талаба қизнинг йигити уни рашк сабабли пичоқлади. Йигит бўлмиш ҳам шу университет ходими, қизнинг кураш бўйича мураббийи.

Жанжал рашк сабабли юз берган, йигит қиз ва унинг ҳамроҳи 51 яшар Хитой фуқаросини пичоқлаб ўлдирди. Бунда университет раҳбарияти ёки жамоасини айблашдан йироқмиз. Талаба ва ходимларнинг ошиқ-маъшуқлигига маъмурият масъул эмас, устига устак иккиси ҳам боши очиқ, ёш ва қони қайноқ.

Ҳозир аҳамият бериш лозим бўлган жиҳат бошқа. Қотил мураббий бундан илгари ҳам мактабдаги севгилисини пичоқлаган. Бу сафар шўрпешона севгили – талаба қиз эди. Таълим соҳасида ходимларни ишга олишда уларнинг биографиясига эътибор берилмайдими? Руҳияти, психологияси ўрганилмайдими?  Нега қиз боланинг жонига бир маръа қасд қилган нусха қизларнинг ўчоғи бўлган олийгоҳга ишга олинди? Таълим соҳасига ишга олишда психолог хулосаси, судланув тарихини ҳисобга олиш лозим.

Лекин бу биргина университет раҳбарияти талаби билан амалга ошмайди. Масалага тизмий, юқоридан ёндашиш керак. Ҳадеб аттестацияга урғу беравермасдан таълим соҳаси ходимларини мунтазам тиббий психологик кўрикдан ўтказиб туриш лозим. Хизмат вазифасига бажаришга жисмоний ва руҳий кучи етмайдинган ходимлар тизимдан узоқлаштирилсин. Ўқитувчининг асаби чарчайди, ёш авлодни тарбиялаш керак деган важлар билан психопат маньякларга йўл очяпмиз.

Айнан шу ЎзДЖТУнинг ўқув ишлари бўйича декан муовинларидан бири талаба қизларга тегажоқлик қилгани ҳақида Элтуз хабар берган эди. Ҳолат бир марта эмас, такрор-такрор содир бўлган. Бироқ 2025 йил сентябридан бери университет бирор чора кўрмасдан, масалани «юмалоқ ёстиқ» қилиб ёпиб юборди.

Университетнинг соғлом муҳити ходимлардан бошланишини, декан, масъулларни тайинлашда гуруҳбозлик,  таниш-билишчилик кетмаслигини бошқарув қачон англайди?