Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг бир гуруҳ ўқитувчилари «Олий таълим аълочиси» ва бошқа кўкрак нишонларига номзодларни танлашда шаффофлик ва холислик таъминланмаётганидан шикоят қилмоқда. Элтузарга йўлланган мурожаатда кўп йиллик меҳнат ва илмий-педагогик ютуқларга эга устозлар эътирофдан четда қолаётгани айтилиб, мукофотлаш мезонлари ҳамда қарорларнинг асосларини очиқлаш талаб қилинган.

Мурожаат муаллифларининг билдиришича, айрим факультетлардан тўрт-беш нафар ходим тақдирланган бир пайтда, бошқа факультет ва кафедралардан бирорта ҳам ходим мукофотга тавсия этилмаган. Шунингдек, айрим ходимларнинг қайта тақдирланаётгани ҳам жамоада саволлар уйғотган.

Ўқитувчилар университетда таълим соҳасига 25, 30, ҳатто 40 йил умрини бағишлаган, дарслик ва ўқув қўлланмалари яратган, илмий мақолалар чоп эттирган ҳамда илмий даражали шогирдлар тайёрлаган устозлар борлигини таъкидламоқда. Уларнинг эътирозича, номзодларни саралашда бу хизматлар қай даражада ҳисобга олинаётгани тушунтирилмаган.

«Номзодларни танлашда қандай ягона ва объектив мезонлар қўлланилган?» – дея савол қўйган мурожаат муаллифлари.

Мурожаатда факультет деканлари, кафедра мудирлари ва Кадрлар билан ишлаш бўлими раҳбариятининг номзодларни тавсия этишдаги масъулиятига ҳам эътибор қаратилган. Муаллифлар айрим устозларнинг четда қолишини ушбу бўғинлардаги камчилик ва эътиборсизлик билан боғламоқда.

Бироқ факультетлар ўртасида тақдирланганлар сонининг фарқ қилиши ўз-ўзидан адолатсизлик ёки таниш-билишчиликни исботламайди. Бу эътирозларга ойдинлик киритиш учун номзодлар рўйхати, уларнинг ютуқлари, баҳолаш мезонлари ва қарорларнинг асослари зарур.

Ўқитувчиларнинг асосий талаби – мукофот кимга берилганини эмас, нима асосида берилганини очиқ тушунтириш. Улар ёзма ва барчага бирдек қўлланиладиган мезонлар ҳақида маълумот берилмаслиги таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик ёки шахсий муносабатлар қарорларга таъсир қилган бўлиши мумкинлиги ҳақида гумонлар туғдираётганини билдирган. Мурожаатда бундай таъсир бўлганини тасдиқловчи аниқ далиллар келтирилмаган.

Муаллифлар номзодларни кўриб чиқувчи комиссия бор-йўқлиги, унинг таркиби ва ваколатлари, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тартиби ҳақида ҳам маълумот сўрамоқда. Шунингдек, сўнгги йилларда қайси факультетлардан нечта ходим тақдирлангани ва улар қандай асосда танланганини очиқлашни талаб қилган.

Мурожаатда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги даражасидаги назоратга ҳам савол қўйилган: университет тавсия этган номзодларнинг ютуқлари текшириладими, улар ўзаро солиштириладими ва муносиб устозлар рўйхатдан четда қолгани ҳақидаги эътирозлар ўрганиладими?

Бир гуруҳ ўқитувчилар мукофотлаш жараёни юзасидан холис ўрганиш ўтказиш, номзодларни танлаш мезонларини эълон қилиш ва қабул қилинган қарорларга ҳужжатлар асосида изоҳ беришни сўраган.

Элтузар ЎзДЖТУ раҳбарияти ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан мурожаатда кўтарилган масалаларга муносабат билдиришни сўрайди. Ўқитувчиларнинг эътирозлари ва гумонлари ҳозирча мустақил тасдиқланган хулоса эмас; уларга номзодларни тавсия этиш ва тақдирлашга оид ҳужжатлар асосида ойдинлик киритилиши лозим.