Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида янги вазир тайинланиши ортидан раҳбариятнинг авзойи бузилди. Бу ҳақида университет профессураси Элтузарга хабар берди.

Ҳозир университет жон бериб аккредитация учун курашмоқда. Иддаоларга кўра, шу фонда вазирнинг алмашиши ректорни саросимага туширган. Манбаларнинг билдиришича, Илҳомжон Тўхтасинов янги вазир Эркинжон Турдимовнинг тайинланишини салбий қабул қилган.

Яъни ректор университетнинг расмий Telegram канали ва ички гуруҳларида янги вазирнинг тайинланиши ҳамда фаолиятига оид хабарларни тарқатмаслик бўйича оғзаки кўрсатма берган. Ваҳоланки, аввал вазирлик раҳбарияти фаолиятига оид расмий хабарлар университет ахборот ресурсларида мунтазам ёритиб келинган эди.

Шунингдек, ректор Эркинжон Турдимовнинг сурати акс этган материалларни ҳам университет канали ва гуруҳларида жойлаштирмасликни талаб қилмоқда. Ҳар масалада дарҳол фото ҳисоботни ижтимоий тармоқларда улашадиган ректор вазирлик ўзгарганини эълон қилмаётгани қизиқ ҳолат.

Чунки бу ҳолат бир қатор саволларни келтириб чиқаради. Давлат олий таълим муассасасининг расмий ахборот сиёсати раҳбарнинг шахсий муносабатига қараб белгиланиши мумкинми? Нима сабабдан вазирлик фаолиятига оид хабарларни ёритиш амалиёти ўзгариб қолди?

Таъкидлаш жоиз, ҳар ўқув йилида айнан Тухтсинов раҳбарлигидаги университет ҳақида Элтузар юздан ортиқ шикоятлар олади. Шу кунгача ректор танқидга қарши ижобий хабарларни кўпайтириш сиёсатини тутиб келди.

Бироқ масала ўртада – университетдаги савдо нуқталари, тамаддихоналар юритувчисидан тортиб ишчиларигача Самарқанд ёки Навоий вилоятидан. Кўплаб кадрлар Самарқанд давлат чет тиллар институтидан шундоққина кўчирилиб ўтказилган. Декан, мудир, кадрлар бўлими бошлиғи, проректорларгача – бари Самарқанд давлат чет тиллар институтига бевосита, ректорга эса билвосита алоқадор шахслар.

Ўзбекистоннинг энг олди, энг йирик чет тиллар университети 2017 йилдан буён Президентнинг тил сертификати талабини тўла бажаролмаяпти. Майли, япон, италян ва ҳинд тили мутахассисларининг бу сертификатни ола билиши қийинлигини тан олайлик. Бироқ энг оммпбоп, давлат эътиборида бўлган инглиз тили мутахассисларининг сертификатлари тўлиқсизлигини қандай изоҳлаш мумкин?

«Университет илмий кенгашининг хомиладор тошбақадан секинроқ ишлашини айтмаса ҳам бўлар. Кенгашлар таркиби салоҳияти ачинарли ҳолда. Кадрлар сиёсатидаги гуруҳбозлик ва мавҳумликни ҳамма кўриб турибди»

Бундан аввал Элтузар бир замдеканнинг талаба қизга тегажоқлик қилгани ҳақида хабар берганида ҳам университет раҳбарияти муносабат билдирмади. Маълумотларга кўра, масъуллар талаба қизнинг ўзини айблаш стратегиясини танлаган.

Бошқа томондан, янги вазир (собиқ Самарқанд ҳокими) Эркинжон Турдимов университетда айнан Самарқанд диаспораси кенгайиб кетганига қандай муносабат билдиради? Шуниси қизиқ.