ЎЗБЕКИСТОНДА ЕР ЭГАЛАРИГА ТАЛАБЛАР КУЧАЙТИРИЛАДИ
Президент фармонига мувофиқ, Ўзбекистонда эскирган боғлар янгиланади ва 2026–2028 йилларда 172 минг гектар саноатлашган интенсив мевали боғлар барпо этилади. Янги талабларга кўра, ер эгаларига солиқ ва сув таъминоти бўйича қўшимча мажбуриятлар юкланади.
Ўзбекистонда эскирган боғларни янгилаш ва саноатлашган интенсив мевали боғлар ташкил этиш бўйича янги тартиб жорий қилинади. Бу Президентнинг 2026 йил 9 июндаги ПФ–108-сон Фармонида белгиланди.
Ҳужжатга кўра, 2026–2028 йилларда республикада 172 минг гектар саноатлашган интенсив мевали боғлар барпо этилади. 2026 йил 1 июлдан бошлаб эскирган боғларни яроқсиз деб топиш, улар ўрнида янги саноатлашган боғлар ташкил этиш ёки ерларни ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш бўйича хулоса бериш ваколати Агросаноатни ривожлантириш агентлигига ҳам берилади.
Эндиликда агентлик хулосаси берилган кундан бошлаб 12 ой давомида янги боғ ёки токзор барпо этилмаса, ушбу майдонлар учун ер солиғи ва сувдан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 3 бараварга оширилади. Агар 24 ой давомида ҳам янги боғ ёки токзор ташкил этилмаса, мазкур майдонларда сув олиш тақиқланади.
Фармон билан интенсив боғларни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам белгиланган. Жумладан, тадбиркорларга тижорат банклари орқали ҳар гектар учун 120 миллион сўмгача, 7 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада кредитлар ажратилади.
Шунингдек, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан очилган кредит линиялари доирасида мева-сабзавотчилик лойиҳалари учун ҳам йиллик 14 фоиз ставкада кредитлар берилади.
Бундан ташқари, хориждан “in-vitro” усулида етиштирилган ва сертификатланган мевали кўчатларни импорт қилиш учун тадбиркорларга 18 ойгача муддатга, ҳар бир кўчат учун 5 АҚШ долларигача эквивалентда имтиёзли кредитлар ажратилади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг