UzAuto Motors’да ликвидлик ҳолати кескин ёмонлашган. Элтузар ихтиёрига келиб тушган ички ҳужжатда компанияда 2026 йил биринчи ярмида режалаштирилган сотувлар бажарилмагани, тайёр маҳсулот қолдиғи 85 минг донага етгани ва унинг қиймати 15 трлн сўмдан ошгани қайд этилган.


Ҳужжатга кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида 195 мингта автомобиль сотилиши режалаштирилган, аммо 25 июнь ҳолатига амалда атиги 144 мингта автомобиль сотилган. Бу эса компания омборларида мисли кўрилмаган даражада катта қолдиқ тўпланишига олиб келган.


Тақдим этилган жадвалда ҳам бу инқироз динамикаси очиқ кўринади: йил бошида тайёр автомобиллар қолдиғи 37 089 дона бўлган бўлса, июнь охирига келиб бу рақам 85 310 донага чиққан. Яъни ярим йил ичида омборлардаги сотилмаган автомобиллар сони икки баробардан кўпроқ ошган.


Энг оғир ҳолат Cobalt моделида кузатилмоқда. Ички ҳужжатда айнан Cobalt бўйича тайёр маҳсулот қолдиғи 36 минг дона, қиймати эса қарийб 5,6 трлн сўм экани айтилган. Ҳужжат муаллифлари ушбу қолдиқ сотилмаётгани компаниянинг жорий ликвидлигига энг катта салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан бири эканини таъкидлайди.


Муаммо фақат омбордаги машиналар билан чекланмаган. Ҳужжатда етказиб берувчилар олдидаги тўловлар бўйича кечикиш ҳажми 2,2 трлн сўмга етгани қайд этилган. Унда бу кўрсаткични яна ошириш ишлаб чиқариш дастурига салбий таъсир қилмасдан амалга ошириб бўлмаслиги айтилган.


Энг жиддий огоҳлантириш эса бутловчи қисмлар етказиб бериш занжири билан боғлиқ. Ҳужжатда маҳаллий ва хорижий етказиб берувчилар исталган вақтда қисмлар етказиб беришни тўхтатиши мумкинлиги, бу эса ишлаб чиқариш жараёнининг қисман ёки тўлиқ тўхтаб қолиши хавфини юзага келтираётгани очиқ ёзилган.


Компания ички ечим сифатида июль–август ойларида автомобиль сотувини ойига камида 40–50 минг донага етказишни, ташқи молиялаштиришни тезлаштиришни, кредитлар ва облигациялар орқали маблағ жалб қилишни ҳамда 2026 йил ишлаб чиқариш ҳажмини 30–35 минг донага қисқартириш ёки кейинги даврга ўтказишни кўриб чиқишни таклиф қилган.


Бу маълумотлар Ўзбекистон автомобил бозоридаги энг йирик давлат компанияларидан бири молиявий босим остида қолганини кўрсатади.


Хўш, UzAuto Motors сотилмай турган ўн минглаб машиналарни қандай йўл билан бозорга чиқаради – нарх туширадими, имтиёз берадими ёки яна давлат ресурслари ҳисобидан қутқариладими?


Элтузар UzAuto Motors’дан ушбу ҳужжатдаги рақамлар, етказиб берувчилар олдидаги қарз ва ишлаб чиқариш тўхтаб қолиши хавфи юзасидан расмий изоҳ кутади.