УРГАНЧДАГИ ТЕРГОВ ҲИБСХОНАСИДА АДВОКАТ БИЛАН УЧРАШУВГА ЖОЙ ЙЎҚ
Урганчдаги 11-сон тергов ҳибсхонасида 200–300 га яқин шахс сақланади, аммо адвокатлар билан учрашув учун атиги учта хона мавжуд. Натижада адвокатлар соатлаб навбат кутиб, баъзан умуман учрашув ўтказа олмай қайтишга мажбур бўлаётгани танқид қилинмоқда.
Урганч шаҳридаги Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментининг 11-сон тергов ҳибсхонасида адвокатлар саҳардан шомгача учрашув учун навбат кутади.
Маълумотларга кўра, ҳибсхонада 200–300 нафарга яқин шахс сақланади. Аммо адвокатлар билан учрашиш учун атиги 3 та хона бор.
Шу сабаб адвокатлар навбатда соатлаб кутишга мажбур бўлмоқда. Айрим ҳолатларда улар учрашув ўтказа олмай, орқага қайтиб кетишяпти.
Бу оддий қулайлик масаласи эмас. Адвокат ҳимоясидаги шахс билан учрашиб, унга ҳуқуқий ёрдам бериши керак. Узоқ навбатлар бу жараённи қийинлаштирмоқда.
Хўш, нега хоналар сони кўпайтирилмаяпти? Нега адвокатлар соатлаб кутишига тўғри келмоқда? Нега учрашувларни ташкил қилиш жараёни тезлаштирилмайди? Баъзи ҳолларда адвокатлар учрашувни ташкил қиладиган ходимларни ҳам узоқ кутишади. Бу сарсонлик тергов ҳибсхонасида ташкилий муаммолар борлигини кўрсатиши мумкин.
Адвокатни тақдири ҳал бўлаётган инсон кутади. Заррача инсонийлик йўқми бу тизимда? Ҳимоя ҳуқуқи қоғозда қолиб кетяпти. Масъулларнинг парвойи фалак.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг