УРГАНЧДАГИ «ERA-HOTEL» ХОДИМЛАРИ ОРТИҚЧА ИШ ЮКЛАМАЛАРИДАН ШИКОЯТ ҚИЛДИ
Ўрганчдаги «ERA-Hotel» меҳмонхонаси ходимлари ўзини белгиланган иш вақтидан ташқари ҳақ тўланмасдан ишлатиш, дам олиш кунлари ҳам мажбурий ишга чақириш ва меҳмонларни рўйхатдан ўтказиш тартиби бузилаётгани ҳақида даъволар билан чиқди.
Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги «ERA-Hotel» меҳмонхонаси ходимларидан бири Элтузарга мурожаат қилиб, ишчилар белгиланган вақтдан ташқари ҳақ тўланмасдан ишлатилиши, дам олиш кунлари ҳам мажбуран ишга чақирилиши ва меҳмонларни қабул қилиш тартибига риоя этилмаслиги мумкинлигини билдирди.
Мурожаат муаллифининг айтишича, меҳмонхонада расмий иш вақти соат 09:00 дан 17:00 гача этиб белгиланган. Аммо ходимлар мунтазам равишда соат 19:00 гача ушлаб қолинар, айрим якшанба кунлари ҳам ишга чақирилар экан.
Ходим меҳмонхона раҳбари Эгамберган Раҳимов ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқларига етарлича эътибор бермаслигини даъво қилган. Шунингдек, меҳмонхонадаги айрим масъул ходимлар раҳбариятга таъсир ўтказиб, ишчиларни асоссиз равишда ишдан бўшатиш билан таҳдид қилиши айтилмоқда.
Мурожаатда меҳмонларни қабул қилиш ва рўйхатдан ўтказиш тартибига доир жиддий даъволар ҳам келтирилган. Ходимнинг сўзларига кўра, меҳмонхонага шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган одамлар, жумладан, вояга етмаган ёшлар ҳам қабул қилиниши мумкин.
Айрим ҳолатларда катта ёшли эркаклар паспортга эга бўлмаган ёки фақат туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси бор ўсмир қизлар билан меҳмонхонага келгани даъво қилинмоқда. Мурожаат муаллифи бундай мижозлар пул эвазига меҳмонхонага киритилаётган бўлиши мумкинлигини айтган.
Агар бу маълумотлар тасдиқланса, меҳмонларни рўйхатдан ўтказиш, вояга етмаганларни ҳимоя қилиш, меҳнат муносабатлари ва солиқ ҳисоботига оид талаблар бузилган бўлиши мумкин.
Мурожаат муаллифи меҳмонхона фаолияти ваколатли идоралар томонидан холис ва атрофлича текширилишини сўрамоқда. Унинг таъкидлашича, санитария, солиқ ва бошқа назорат органлари меҳмонхонада самарали текширув ўтказмаган.
Элтузар мурожаатдаги даъволарни мустақил равишда тасдиқлаган эмас. «ERA-Hotel» раҳбарияти, Эгамберган Раҳимов ҳамда тегишли давлат идораларининг муносабати ҳозирча маълум эмас.
Таҳририят меҳмонхона раҳбарияти, Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси, солиқ ва меҳнат органларини мурожаатда келтирилган ҳолатларга муносабат билдиришга чақириб қолади. Қарши томоннинг жавоби тақдим этилса, уни ҳам эълон қилишга тайёрмиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг