Андижон вилояти Улуғнор туманидаги 22-мактаб педагоглар жамоаси вилоят прокуратураси ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига мурожаат йўллади. Мурожаатда мактабга ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари этиб тайинланган Нодир Нишоновнинг лавозимга қонуний асосда тайинлангани юзасидан текширув ўтказиш сўралган.

Педагоглар жамоасига кўра, Нишонов тахминан бир ой аввал 22-мактабга ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимига тайинланган. Мурожаат муаллифлари ушбу лавозим учун номзод олий маълумотли педагог бўлиши кераклигини таъкидлаб, Нишоновнинг маълумоти мазкур малака талабларига мос келмаслигини иддао қилмоқда.

Мурожаатда таъкидланишича, Нишонов аввал ҳарбий соҳадан таълим тизимига ўтган ва турли йилларда тумандаги 10-мактаб ҳамда 5-мактабда директор лавозимида ишлаган. Педагоглар унинг аввалги иш жойларида жамоавий муҳит бузилгани, ходимлар билан муносабатларда муаммолар кузатилгани сабаб лавозимидан озод этилганини даъво қилмоқда.

Шунингдек, мурожаатда Улуғнор тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими мутасаддилари ҳамда мактаб директори ушбу тайинловда иштирок этгани айтилади. Жамоа фикрича, тайинлов жараёнида қонун талаблари бузилган бўлиши мумкин.

Педагоглар Нишонов мактабга келганидан сўнг жамоада носоғлом муҳит шакллана бошлаганини, ходимларга қўпол муносабатда бўлиш, уларни менсимаслик, жамоани гуруҳларга ажратиш каби ҳолатлар кузатилаётганини билдирган. Мурожаатда у ўқитувчи ва ўқувчилар билан муомалада педагогик ва инсоний тамойилларга зид ҳаракатлар қилаётгани ҳам иддао қилинган.

Жамоа, шунингдек, мактабдаги вазият кескинлашгани оқибатида бошланғич синф ўқитувчиларидан бири ўз жонига қасд қилишга уринганини ҳам маълум қилган. Мурожаат муаллифлари ушбу ҳолат оғир оқибатлар билан якунланмаганини, бироқ бундай вазият давом этса, янада жиддий ҳолатлар юз бериши мумкинлигидан хавотир билдирган.

22-мактаб педагоглар жамоаси Андижон вилояти прокуратураси ва вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасидан Нодир Нишоновнинг лавозимга тайинланиши қонунийлигини ўрганишни, эҳтимолий қонунбузарликларга йўл қўйган масъулларга нисбатан хизмат текшируви ўтказишни сўраган.

Мурожаатда таъкидланишича, таълим тизимида бундай ҳолатларнинг юз бериши ходимларнинг давлат идоралари ва қонунларга бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ҳолат юзасидан Улуғнор тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими, 22-мактаб раҳбарияти ҳамда Нодир Нишоновнинг муносабати ҳозирча маълум эмас. Таҳририят барча томонларнинг расмий изоҳини эълон қилишга тайёр.