УКРАИНА УРУШИ ВА ЎЗБЕКЛАР УЧУН СУВЕРЕНИТЕТ САБОҒИ
БМТ Бош Ассамблеясида Украина уруши яна кун тартибида. Мақолада уруш атрофидаги баҳслар Ўзбекистон учун суверенитет, чегаралар дахлсизлиги ва халқаро ҳуқуқнинг универсал қоидалари нуқтайи назаридан қандай сабоқлар бериши таҳлил қилинади.
Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси умумий мунозаралари бошланди. Дунё раҳбарлари яна бир бор БМТ минбарида халқаро ҳуқуқ, давлатлар суверенитети, уруш ва тинчлик ҳақида гапирмоқда. Бу йилги анжуманнинг асосий мавзуларидан бири яна Украина уруши бўлиб қолмоқда. Украина президенти Владимир Зеленский Нью-Йоркка келди ва у АҚШ президенти Дональд Трамп билан ҳам учрашиши режалаштирилган. Киев музокараларда Россия билан урушни тўхтатиш, энергетика объектларига ҳужумларни чеклаш ва Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш масалаларини кўтармоқда.
Аммо БМТ минбарида Украина ҳақидаги баҳс фақат Украина тақдири ҳақида эмас. У халқаро тартибнинг энг асосий саволларидан бирини яна кун тартибига олиб чиқмоқда: катта давлат ўз хавфсизлиги, тарихий даъволари ёки геосиёсий манфаатларини важ қилиб, кичикроқ қўшнисининг чегаралари ва сиёсий келажагини белгилаш ҳуқуқига эгами?
Бу савол Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас.
Ўзбекистон – Россия ва Хитой сингари йирик давлатлар яқинида жойлашган, мустамлакачилик ва совет марказлашуви тарихини бошдан кечирган мамлакат. Шу боис Украина уруши ўзбек жамияти учун Европада кечаётган узоқ бир можаро эмас. У мустақиллик ва суверенитет деган тушунчаларнинг амалда қанчалик дахлсиз экани ҳақидаги савол ҳамдир.
Агар халқаро муносабатларда кучли давлат ўзининг “хавфсизлик зонаси”, “тарихий ҳудуди” ёки “геосиёсий манфаати”ни асос қилиб, қўшни давлатнинг ташқи сиёсий йўналиши ёки ҳудуди устидан қарор чиқариши мумкин деган тамойил қабул қилинса, бу фақат Россия ва Украина ўртасидаги масала бўлиб қолмайди. Бундай ёндашув бошқа минтақалардаги кичик ва ўрта давлатлар учун ҳам жиддий оқибатларга эга бўлиши мумкин.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам бугунги нутқида Украинадаги урушни халқаро ҳуқуқ билан боғлаб, дунёда кучайиб бораётган геосиёсий бўлиниш шароитида халқаро ҳуқуқ ва тинч аҳолини ҳимоя қилиш тамойилларига риоя этиш зарурлигини таъкидлади.
Шу маънода БМТ Бош Ассамблеясида Украина ҳақида айтилаётган гаплар Тошкент учун ҳам принципиал аҳамиятга эга. Чунки Ўзбекистон каби давлатлар манфаати кучли давлатнинг иродаси устун бўлган тартибда эмас, давлатларнинг чегаралари, суверенитети ва мустақил сиёсий танлови ҳимоя қилинган халқаро тизимда кўпроқ кафолатланади.
Зеленский образининг парадокси ҳам айнан шу ердан бошланади.
Ўзбек аудиториясида унинг бир вақтнинг ўзида бир нечта образи мавжуд.
Бири – Россия ахборот маконидаги Зеленский: Ғарбга қарам, НАТО манфаатлари йўлида мамлакатини урушга олиб кирган раҳбар.
Иккинчиси – Украина ва Ғарб ахборот маконидаги Зеленский: анча йирик ҳарбий давлат ҳужумига қарши мамлакат мудофаасини бошқараётган президент.
Учинчиси эса мусулмон аудиториясида кейинроқ шаклланган образ: ўзи босқин ва вайронагарчиликни бошидан кечираётган мамлакат раҳбари бўла туриб, Ғазо уруши бошланганидан кейин Исроилни қатъий қўллаб-қувватлаган сиёсатчи.
Шунинг учун бугун мусулмон дунёсида Зеленскийга муносабат фақат Россия–Украина уруши билан белгиланмайди. У Ғазо, Ғарб сиёсати ва халқаро ҳуқуқнинг турли можароларда бир хил қўлланяптими-йўқми деган каттароқ баҳснинг ҳам бир қисмига айланган.
2022 йилда асосий савол нисбатан аниқ эди: Россия Украинага қўшин киритишга ҳақлими?
2026 йилда эса унинг ёнига яна бир савол келиб қўшилди: агар давлат суверенитети, тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва халқаро ҳуқуқ универсал қадриятлар бўлса, нега улар Украина, Ғазо ёки дунёнинг бошқа нуқталарида бир хил сиёсий қатъият билан ҳимоя қилинмаяпти?
Бугун Нью-Йоркдаги БМТ минбарида Украина уруши яна муҳокама қилинаётган бир пайтда, ўзбек аудиториясининг Зеленскийга муносабатини тушуниш учун айнан шу икки саволни бирга кўриш муҳим: бир томонда Россиянинг Украинага қарши уруши ва давлат суверенитети масаласи, иккинчи томонда мусулмон дунёсида тобора кучайган халқаро ҳуқуқ ҳаммага бир хил татбиқ этилиши керак деган талаб.
Бироқ бир можародаги икки хил стандарт ҳақидаги эътироз бошқа можародаги халқаро ҳуқуқ бузилишини автоматик равишда оқламайди. Аксинча, БМТнинг ўзи қурилган мантиқ шу: қоида кучли ёки кучсиз, Ғарб ёки Шарқ, Украина ёки Фаластин учун алоҳида эмас, барча учун бир хил бўлиши керак.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг