УКРАИНА ДРОНЛАРИ РОССИЯНИНГ ИККИНЧИ ЙИРИК МАРКЕТПЛЕЙСИГА ЗАРБА БЕРА БОШЛАДИ
Украина дронлари Wildberries’dan кейин Россиянинг иккинчи йирик маркетплейси Ozon логистика марказларига зарба бермоқда. Уч кунда камида олти объект ҳужумга учради, акциялар қиймати кескин тушди, эҳтимолий оқибатлар Ўзбекистон бозорига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Россиянинг электрон савдо бозорига қарши дрон ҳужумлари янги босқичга чиқди. Wildberries омборларига кетма-кет зарбалардан сўнг Украина дронлари Россиядаги иккинчи йирик онлайн-савдо платформаси – Ozon логистика марказларини нишонга ола бошлади.
Уч кун ичида Ozon’нинг Россиядаги олтита объекти ҳужумга учраган. 22 август куни Самара вилоятидаги логистика марказига зарба берилган ва унинг иши вақтинча тўхтатилган. 23 август куни Оренбург вилоятидаги Ozon омборига дрон парчалари тушган, 300 дан ортиқ киши эвакуация қилинган.
24 августга ўтар кечаси эса ҳужумлар кўлами яна кенгайган.
Доғистон пойтахти Махачқала яқинидаги Ozon логистика марказида дрон зарбасидан кейин ёнғин чиққан ва объект ишини тўхтатган. Компания дастлабки маълумотларга кўра бир неча киши жароҳатланганини билдирган.
Краснодар яқинидаги Энемда жойлашган Ozon марказида ҳам ёнғин чиққан. Адыгейск ва Ставрополь ўлкасидаги Невинномысскда жойлашган омборлардан ходимлар эвакуация қилинган. Ozon маълумотига кўра, охирги икки объектнинг ўзига зарар етмаган.
Ҳужумларнинг таъсири фронтдан анча узоқда – Москва биржасида ҳам сезилди.
24 август куни Ozon акциялари савдолар давомида қарийб 30 фоизга қулади. Компаниянинг йирик акциядорларидан бири бўлган АФК «Система» акциялари ҳам 13 фоиздан кўпроқ пасайди. Кейинчалик Ozon қоғозлари йўқотишнинг бир қисмини қайтарган бўлса-да, бозорнинг дастлабки реакцияси кескин бўлди.
Бу ерда гап фақат омбор бинолари ҳақида кетмаяпти.
Ozon – Россия электрон савдо бозорининг энг муҳим логистика тизимларидан бири. Бир марказ ишдан чиқса, у ерда сақланаётган товарларни сотувдан вақтинча олиб ташлаш, йўлдаги юкларни бошқа омборларга йўналтириш ва айрим буюртмаларни бекор қилишга тўғри келади.
Компаниянинг ўзи ҳужумга учраган омборлардаги айрим товарлар маркетплейс витринасидан яширилишини, муқобил омборда худди шундай маҳсулот бўлмаса, у «сотувда йўқ» деб кўрсатилишини маълум қилган. Айрим буюртмалар бекор қилиниши, бошқалари эса бошқа логистика марказлари орқали етказилиши мумкин.
Бу Ўзбекистон учун ҳам бегона воқеа эмас.
Ozon Ўзбекистон бозорида ҳам ишлайди, мамлакатдаги харидорларга товар етказиб беради ва маҳаллий тадбиркорларни ўз платформасида сотувчи сифатида жалб қилмоқда. Компаниянинг Ўзбекистон учун расмий платформасига кўра, 2025 йилда ўзбекистонлик сотувчиларнинг Ozon’даги айланмаси тўрт баравар, уларга берилган буюртмалар сони беш баравар, Ўзбекистондаги харидорлар сони эса 3,5 баравар ошган.
Шунинг учун Россиядаги йирик логистика марказларининг ишдан чиқиши узоқ муддат давом этса, унинг таъсири товарларни қайта тақсимлаш ва етказиб бериш муддатларига ҳам ўтиши мумкин. Бироқ ҳозирча Ozon Ўзбекистондаги хизматларида умумий узилиш ёки оммавий кечикишлар ҳақида хабар бергани йўқ.
Украина эса аввал Wildberries, энди Ozon каби йирик маркетплейсларнинг логистика инфратузилмасига зарбалар беришни Россия иқтисодиёти ва урушни таъминловчи занжирларга босим ўтказиш стратегиясининг бир қисми сифатида кўрсатмоқда. Reuters ва Financial Times маълумотларига кўра, Киев Wildberries’дан кейин Ozon объектларига ҳам зарба беришга ўтганини очиқ билдирган.
Натижада Россиядаги дрон уруши нефть заводлари ва ҳарбий объектлар доирасидан чиқиб, оддий россиялик ҳар куни фойдаланадиган электрон савдо ва етказиб бериш тизимига ҳам кириб бормоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг