Украина ҳарбийлари Россия назоратидаги Херсон вилоятининг Олешки шаҳрида қолган тинч аҳолига дронлар ёрдамида қарийб 4 тонна озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб берди.

Украина томони маълумотига кўра, гуманитар юклар тунги операция давомида шаҳарнинг 100 га яқин нуқтасига тарқатилган. Операцияда катта ҳажмдаги юкларни кўтара оладиган дронлардан фойдаланилган.

Май ойидан бери маҳсулот етказиш қийинлашган

Олешкида гуманитар вазият сўнгги ойларда кескин оғирлашган. Май ойидан бери шаҳарга автомобиль орқали озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб бериш амалда тўхтагани хабар қилинмоқда.

Бунга йўлларнинг миналангани, артиллерия зарбалари ва дронлар фаоллиги сабаб бўлаётгани айтилган. Июнь ойида шаҳарга озиқ-овқат олиб киришга уринган автомобиллардан бир нечтаси минага тушгани ва одамлар ҳалок бўлгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалган.

Шундан кейин шаҳар аҳолиси учун Днепрнинг нариги соҳилидан учирилаётган дронлар орқали юк етказиш муҳим таъминот йўлларидан бирига айланган.

24 минг аҳолидан 2 мингга яқини қолган

Reuters маълумотига кўра, урушгача қарийб 24 минг киши яшаган Олешкида ҳозир 2 мингга яқин тинч аҳоли, жумладан 50 га яқин бола қолган.

Маҳаллий аҳолидан олинган маълумотларда озиқ-овқат ва дори-дармон танқислиги кучайгани, айрим одамлар кунига бир марта овқатланаётгани айтилмоқда. Дорихоналар деярли ишламайди, тиббий муассасалар эса чекланган имкониятлар билан фаолият кўрсатмоқда.

Олешки Днепр дарёсининг чап соҳилида, Украина назоратидаги ҳудуддан бир неча километр масофада жойлашган. Шаҳар 2022 йилдан бери Россия қўшинлари назоратида. 2023 йилда Каховка ГЭС тўғони вайрон бўлгач, Олешки кучли сув тошқинидан ҳам катта зарар кўрган эди.

Эвакуация ҳам мураккаб

Шаҳардан тинч аҳолини олиб чиқиш ҳам тобора хавфли бўлиб бормоқда. Йўллардаги миналар, артиллерия ва дронлар туфайли одатий транспортдан фойдаланиш имконияти кескин чекланган.

Украина расмийлари Россия томонини гуманитар ёрдам етказилиши ва аҳоли эвакуациясига тўсқинлик қилишда айбламоқда. Россия томони эса бу айбловларни рад этади.

Шундай шароитда дронлар фақат ҳарбий қурол ёки разведка воситаси эмас, балки фронт ортида қолиб кетган тинч аҳолига озиқ-овқат ва дори-дармон етказиш воситаси сифатида ҳам қўлланмоқда. Олешкига бир кечада қарийб 4 тонна юкнинг 100 га яқин нуқтага етказилиши бунга мисол бўлди.