Учтепа туманидаги мактабгача таълим ташкилотлари директорлари ММТБ раҳбари Наргиза Хонтўраева фаолиятидан норози. Хонтўраева 12 йилдан буён ушбу лавозимда ишлаб келмоқда, шу давр мобайнида боғча раҳбарларига нисбатан босим, мажбурий харажатлар ва коррупциявий ҳолатлар юзага келгани иддао қилинмоқда.

Тумандаги мактабгача таълим ташкилотлари учун ажратиладиган бюджет маблағлари ва харажатлар сметаси боғча раҳбарлари иштирокисиз тақсимланади. Иддаоларга кўр, сметада ҳар бир ташкилот эҳтиёжи эмас, юқори раҳбариятнинг хоҳиши асосида сарф-харажатлар белгиланади.

Тумандаги боғча раҳбарлари оддий лампочкадан тортиб, канализация, фасад таъмири, гуруҳ хоналари, парда, гилам, идиш-товоқ, вентилятор, кондиционер, ичимлик суви ва болалар ўйинчоқларигача ўз ҳисобидан таъминлашга мажбур бўлишяпти.

Бундай ҳолат раҳбарларни ноқонуний йўллар билан маблағ топишга мажбур қиляпти. Боғча директори лавозимига тайинланишда пора талаб қилиши, айрим ҳолларда бу сумма боғчанинг катталиги ва ҳолатига қараб 5 мингдан 10 минг долларгача етиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Директорлар меҳнат таътили, касаллик варақаси ёки ўз ҳисобидан таътилга чиқиш масалаларида ҳам муаммолар талайлигини билдиришмоқда. Уларнинг айтишича, туманда раҳбарлар қонун билан кафолатланган меҳнат ҳуқуқларидан тўлиқ фойдалана олмаяпти.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан Учтепа тумани ММТБ фаолиятини холис ўрганиш, бюджет маблағлари сарфи, сметалар тақсимоти, раҳбарларни тайинлаш жараёни ва ходимларга нисбатан босим ҳолатларини текширишни сўраймиз. Элтузар масала юзасидан Наргиза Хонтўраева ва Учтепа тумани ММТБ муносабатини ҳам эълон қилишга тайёр.