Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли 3-сонли гидрометаллургия заводи – GMZ-3 атрофидаги эски саноат чиқиндиларидан таркибида олтин бўлган қумларни ноқонуний қазиб олиш йўлга қўйилгани ҳақида жиддий даъволар билдирилмоқда. Элтузарга тақдим этилган маълумотларга кўра, сўнгги кунларда бу ишлар «металлолом ковлашга рухсатимиз бор» деган важ билан амалга оширилаётган бўлиши мумкин.

Гап заводдан тахминан 2–3 километр узоқликда жойлашган, 10–20 йил аввал саноат чиқиндилари ташланган махсус майдонлар ҳақида бормоқда. Манба даъвосига кўра, айрим участкалардаги қум таркиби бир тоннадан 6–7 граммгача соф олтин чиқиши мумкин бўлган даражада бой.

Маълумот муаллифининг айтишича, ҳудудда олтинли қум борлиги тахминан бир ярим ой аввал маълум бўлган. Дастлаб Шофиркон туманидан келган айрим шахслар қумни яширинча олиб чиқишга уринган ва уларга нисбатан тезкор тадбирлар ўтказилган.

Бироқ мурожаатда таъкидланишича, охирги бир ҳафта ичида вазият бутунлай бошқа кўриниш олган.

Энди ҳудудда ўзини «металлолом ковловчилар» сифатида кўрсатаётган гуруҳ пайдо бўлгани айтилмоқда. Мурожаат муаллифи гуруҳга Иброҳим исмли, «Ибиш» лақаби билан танилган шахс бошчилик қилаётганини даъво қилади.

Уларнинг атрофдагиларга «металлолом ковлаш учун қонуний рухсат олганмиз» дея тушунтириш бераётгани айтилмоқда.

Аммо мурожаатда бу важ саноат чиқиндиларини қазиш учун етарли ҳуқуқий асос эмаслиги таъкидланган.

Қора ёки рангли металл чиқиндиларини йиғиш билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатнинг ўзи муайян ер майдонига кириб, саноат чиқиндиларини исталган тарзда қазишга автоматик рухсат бермайди.

Бунинг учун, жумладан, ер қайси ташкилот балансида бўлса, ўша субъект билан тегишли ҳуқуқий муносабатлар расмийлаштирилиши, экологик талаблар бажарилиши ва ишлар олиб бориладиган ҳудуд аниқ белгиланиши лозим.

Элтузарга тақдим этилган маълумотда эса мазкур гуруҳда айнан GMZ-3 чиқиндилари жойлашган ушбу ҳудудда қазиш ишларини олиб боришга рухсат берувчи шартнома ёки тегишли экологик хулосалар мавжуд эмаслиги даъво қилинмоқда.

Элтузар мазкур маълумотларда тилга олинган даъволарни мустақил равишда тўлиқ тасдиқлагани йўқ. Навоий кон-металлургия комбинати, тегишли экологик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда мурожаатда номи тилга олинган шахсларнинг муносабатини эшитишга тайёрмиз.

(Давоми бор)