Наманган вилояти Учқўрғон тумани ветеринария бўлимида ишловчи бир гуруҳ ходимлар Элтузарга мурожаат йўллаб, бўлимдаги ички муҳит, маблағ йиғиш ҳолатлари ва эпизоотик профилактика ишлари билан боғлиқ жиддий муаммолар ҳақида хабар берди.

Мурожаат муаллифларининг таъкидлашича, бўлим раҳбари Мирвоҳид Раҳмонов томонидан турли баҳоналар билан маблағ йиғиш амалиёти йўлга қўйилган. Ходимлар айтишича, участкалардан “вилоятдаги раҳбарлар учун” деган важ билан пул йиғилган, кейинчалик эса “туман ҳокими харажати” учун қўшимча маблағ талаб қилинган.

Мурожаатда қайд этилишича, бу ҳолатлар ишхонадаги муҳитни издан чиқарган. Ходимлар раҳбар атрофида ўзига яқин одамларни тўплаганини, улар орқали ички низолар кучайганини билдирмоқда. Хусусан, собиқ лаборатория мудири сифатида тилга олинган Сардор исмли шахс ҳам турли можароларнинг асосий сабабчиларидан бири сифатида кўрсатилган.

Энг жиддий иддаолардан бири эпизоотик профилактика ишлари билан боғлиқ. Ходимлар фикрича, туманда эмлаш ва профилактика тадбирлари амалда эмас, фақат қоғозда ва ҳисоботларда бажарилган қилиб кўрсатилмоқда. Улар вакцина ва дори воситалари етарли даражада етказилмаётганини, талаб қилинганда эса “вилоятдан кам келган” деган жавоб олинаётганини айтмоқда.

Мурожаат муаллифлари бу ҳолатнинг икки эҳтимолий сабабини кўрсатмоқда: ёки ҳақиқатдан ҳам вакцина етарли миқдорда ажратилмаяпти, ёки ажратилган воситалар бошқа йўллар билан йўқолмоқда. Шунингдек, улар сохта ҳисоботлар тузилаётгани, тумандаги чорва моллари бош сони ҳақиқий рақамлардан кўра анча юқори қилиб кўрсатилаётганини иддао қилмоқда.

Мурожаатда яна бир хавотирли ҳолат тилга олинган. Унда қорамоллардан олинадиган қон таҳлиллари ҳам ҳақиқий тарзда ўтказилмаётгани, баъзи ҳолларда натижалар пул эвазига “тўғрилатилиши” айтилади. Ходимлар бу ҳолатни текшириш учун расмий тафтиш ўтказилса, кўплаб сохта ҳисоботлар фош бўлишини таъкидламоқда.

Ходимлар, айниқса, ҳайвонлар орасида тарқалаётган касалликлардан жиддий хавотир билдирмоқда. Уларга кўра, профилактика тадбирлари вақтида бажарилмагани сабабли аҳоли чорвалари орасида яшур касаллиги авж олган. Мурожаатда қассобларнинг гапига таяниб, бир кунда 20 тадан 40 тагача касал чорва сўйиб юборилаётгани айтилган.

Шу билан бирга, мурожаат муаллифлари қўшни давлатларда кузатилаётган Сибир куйдиргиси, Қрим-Конго геморрагик иситмаси каби хавфли касалликлар ҳам туман ҳудудига кириб келиши мумкинлигидан хавотирда. Улар фикрича, агар ветеринария соҳасидаги назорат ва профилактика ишлари ҳозирги аҳволда қолса, бу жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Мурожаатда манфаатлар тўқнашувига оид ҳолат ҳам тилга олинган. Ходимлар айтишича, бўлим раҳбарининг отаси Мирсодиқ исмли шахс ҳам шу тизимда, Яшиқ участкасида ишлайди. Улар бу ҳолат амалдаги қонунчилик ва давлат раҳбарининг манфаатлар тўқнашувига қарши қаратилган талабларига зид эканини таъкидламоқда.

Мурожаат муаллифлари туман ва вилоят даражасида қилинган мурожаатлар натижа бермаганини билдириб, эндиликда Республика ветеринария қўмитаси, прокуратура ва бошқа назорат қилувчи идоралардан холис ва кенг қамровли текширув ўтказишни сўрамоқда.

Ҳозирча мурожаатда тилга олинган иддаолар юзасидан Учқўрғон тумани ветеринария бўлими ёки бошқа масъул ташкилотлар расмий муносабат билдирмаган. Таҳририят мазкур ҳолат бўйича тегишли идораларнинг изоҳини олишга ҳаракат қилади.