НАМАНГАНДАМУДОФАА ХОДИМЛАРИДАН НОҚОНУНИЙ ЎЛПОН УНДИРИЛЯПТИ
Учқўрғон тумани Мудофаа ишлари бўлими ходимлари раҳбарият томонидан ноқонуний “режалар”, молиявий мажбурлов, гуруҳбозлик ва назоратнинг издан чиққани, ҳамда СЧР маблағларига оид шубҳали амаллар юзасидан мурожаат йўллади.
Наманган вилояти Учқўрғон тумани Мудофаа ишлари бўлими ходимлари Элтузарга мурожаат йўллаб, бўлимда ходимларга нисбатан босим, мажбурий “режа” юклаш, гуруҳбозлик ва молиявий мажбурлов ҳолатлари авж олганини маълум қилишди.
2026 йилги СЧР — муддатли пул резерви мавсуми якунланиш арафасида ҳар бир ходимга маҳалланинг катта-кичиклигига қараб 20 миллион сўмдан 400 миллион сўмгача режа қўйилган.
Ходимларнинг таъкидлашича, фуқаролар мазкур тўловни 2027 йил апрелигача тўлаш ҳуқуқига эга бўлса-да, туман Мудофаа ишлари бўлими раҳбари, подполковник Сатвалдиев “режани шу ойнинг ўзида ёпасизлар” деб ходимларга босим ўтказмоқда.
“14 миллион сўм ойлик оладиган раҳбар 3 миллион сўм маош оладиган ходимини аямаяпти. Қарз олиб бўлса ҳам, фуқаро билан келишиб, кейин қайтариб бериш шарти билан пулни ўзимиз топиб тўлашимиз керак экан”, — дейилади мурожаатда.
Иддаоларга кўра, 2024–2025 йилги чақирув мавсумларида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар бўлган, айрим ходимлар 20–30 миллион сўмгача қарз ва кредит олиб тўловларни ёпган, аммо ҳалигача фуқаролардан пулларини қайтариб ололмаётганини билдиришмоқда.
Мурожаат муаллифларига кўра, бўлимда ички назорат издан чиққан, гуруҳбозлик кучайган. Раҳбар атрофидаги “2–3 нафар эркатой ходимлар” хоҳлаган ишини қилади, нафақага чиқиб ишлаётган ходимларга эса иш жойини бўшатиш бўйича босимлар бўлмоқда.
“Сатвалдиев келганидан кейин ўнлаб малакали ва билимли ходимлар ишдан кетди. Бу ерда ақлли кадрларга ўрин йўқ, маддоҳ ва лаганбардорлар керак”, — дейди ходимлар.
Шунингдек, ходимлар раҳбарнинг кадр сиёсати танқид қилиб, айрим ишга олинган ходимлар фуқароларнинг миллионлаб сўм СЧР пулларини ўзлаштириб юборганини бўлимдагилар билишини таъкидлашган.
Қолаверса, қурилиш баҳонасида 40 га яқин кўп йиллик ва мевали дарахтлар кесилган, уларнинг қаерга кетгани номаълум.
Ходимлар аввалги мурожаатлар юзасидан келган округ ва вилоят даражасидаги текширувчилар ҳам ҳолатга холис баҳо бермаганини иддао қилишмоқда: «Текширувчилар сўлим масканларда дам олиб, маишатбозлик қилиб, Учқўрғон форел балиқлари ва тоғора-тоғора қулупнайлардан олиб, мурожаатни ими-жимида ёпиб кетишган. Кейин эса уларга қилинган харажатлар ҳам ходимлар ҳисобидан қоплатилди».
Мудофаа вазирлиги, Республика Сафарбарлик бош бошқармаси ҳамда тегишли назорат органларидан Учқўрғон тумани Мудофаа ишлари бўлимидаги ҳолатни жиддий ўрганишни сўралади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг