Учқўрғон туманидаги корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ҳамда «бир гуруҳ туман фаоллари» номидан Ўзбекистон Президенти ва бир қатор юқори давлат идораларига йўлланган аноним мурожаатда туман ҳокимлиги раҳбариятига нисбатан пора олиш, тадбиркорлардан катта миқдорда пул йиғиш ва фермерларга босим ўтказиш каби ўта жиддий айбловлар илгари сурилган.

Элтузарга тақдим этилган мактуб муаллифлари айрим эпизодларда гап ўнлаб ва ҳатто 200 минг доллардан зиёд маблағ ҳақида бораётганини даъво қилмоқда.

Бу даъволар ҳозирча мустақил манбалар ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг расмий маълумотлари билан тасдиқланган эмас. Шу сабабли Элтузар уларни факт эмас, текширилиши лозим бўлган айбловлар сифатида келтиради.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Учқўрғон тумани ҳокими лавозимида Дилшод Абдуллаевич Мирханов ишламоқда.

Мурожаат муаллифларининг энг оғир даъвоси – туманда тадбиркорларнинг ер, қурилиш ва бошқа масалаларини ҳал қилиб бериш эвазига норасмий пул олиш тизими шакллангани ҳақида.

Мактубда даъво қилинишича, ҳокимнинг собиқ ёрдамчиларидан бири тадбиркорлардан ер ажратиш, дарё минтақасидаги ёки бошқа ҳудудларда қурилган объектларни буздирмаслик ва турли маъмурий масалаларни ҳал этиб бериш ваъдаси билан пул олган.

Мурожаат муаллифлари бу пулларнинг умумий миқдори 200 минг АҚШ долларидан ошганини иддао қилади.

Уларнинг ёзишича, пул олиб бориш билан боғлиқ айрим учрашувларда ҳатто туман ҳокимининг хизмат автомобилидан фойдаланилган ва тадбиркорларда буни кўрсатувчи фото ҳамда видеолар мавжуд.

Аноним мурожаатда бу материалларнинг ўзи Элтузарга тақдим этилмаган. Шунинг учун мазкур даъволарнинг ҳаққонийлигини ҳозирча мустақил текшириш имкони бўлмади.

Мактубда яна бир жиддий эпизод келтирилади.

Муаллифларнинг иддаосига кўра, туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари бўлган Сайфиддин Хўжаев деҳқон бозори ҳудудида бир тадбиркордан муайян хизмат эвазига 10 минг доллар олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган.

Учқўрғон тумани ҳокимлигининг ҳозирги расмий веб-сайтида Сайфиддин Хўжаев ҳали ҳам туман ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари сифатида кўрсатилган.

Мурожаатда коррупцияга оид даъволар фақат қурилиш соҳаси билан чекланмайди.

Муаллифлар туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Фозилжон Алиматовга нисбатан ҳам фермерлардан пул талаб қилиниши ҳақида айбловлар билдирган.

Мактубдаги энг диққатга сазовор даъволардан бирига кўра, ғалла майдонига дон жойлаштириш масаласи ҳар гектар учун 100 долларга «баҳоланган».

Муаллифлар бундан ташқари имтиёзли кредитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ва минерал ўғитлар билан боғлиқ жараёнларда ҳам норасмий пул айланмаси бўлиши мумкинлигини иддао қилмоқда.

Мурожаат муаллифлари ўзларининг аноним қолишини тумандаги раҳбарларга боғлиқ хавф ва босим эҳтимоли билан изоҳлайди ҳамда юқори давлат органларидан ҳолатни жойига чиққан ҳолда текширишни сўрамоқда.

Улар айниқса 2022 йил 8 августда қабул қилинган «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги ЎРҚ–788-сон Қонун талабларини эслатган.

Қонуннинг 16-моддасига кўра, давлат фуқаролик хизматчиси коррупцияга нисбатан муросасиз бўлиши шарт. Агар у коррупция фактлари тўғрисида маълумотга эга бўлса, юқори турувчи давлат органига, коррупцияга қарши курашиш бўйича ваколатли органга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга хабар бериши керак.

Қонуннинг 17-моддаси эса давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларини белгилайди ва давлат хизмати нуфузига путур етказувчи хатти-ҳаракатларни ҳам қамраб олади.

Элтузар Учқўрғон тумани ҳокими Дилшод Мирханов, мурожаатда номи тилга олинган мансабдорлар, Наманган вилояти ҳокимлиги, прокуратура ва бошқа ваколатли идораларнинг мазкур даъволар юзасидан муносабатини эълон қилишга тайёр.