УЧҚЎРҒОН ТУМАН ҲОКИМ ЁРДАМЧИЛАРИ ҲАМ ОДАММИ?
Учқўрғон тумани ҳоким ёрдамчилари таҳририятга йўллаган мурожаатда туман ҳокимлигидаги коррупция, мажбурий пул йиғими ва меҳнат мажбурлови, шунингдек, ёрдамчилар ҳуқуқларининг поймол этилаётгани ҳақида жиддий даъволар баён этилган.
Элтузар таҳририятига Наманган вилояти Учқўрғон туман ҳоким ёрдамчиларидан мактуб келиб тушди. Мурожаатда ҳокимликда урчиган коррупция ва ҳоким ёрдамчиларининг ҳуқуқлари қай даражада бузилаётгани ҳақида маълумотлар келтирилган.
Тўғри гап туққанинга ёқмайди. Оз бўлса-да, ҳақиқатни илгари суриб, туман ҳокими Д.Мирханов томонидан босим остида қолдик. Туман ҳокими кўрсатмаси билан қандайдир ноўрин таҳлиллар тайёрланиб, энг камида 10 та ҳоким ёрдамчисини ишдан бўшатишга пухта тайёргарлик кўрилмоқда.
Туман ҳокими ва мутассаддилар тумандаги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимидаги ҳақиқий аҳвол қандайлигини билишадими? Бу саволга ҳеч қандай жавоб йўқ.
Бўлимда коррупция авж олган. Республика даражасидаги ишчи гуруҳкелиб ўрганса, ҳаммаси аён бўлади. Ҳоким ёрдамчиларининг мардикорлардан фарқи колмади ҳисоб. Президентимиз бу лавозимни шу мақсадда ташкил қилган эдими?! Тумандаги дала ишлари қолиб, бизни бўлим бошлиғи Равшан Абдуллаев узининг Поп туманида жойлашган хусусий боғига олиб бориб ишлатмоқда. Бормаганлардан пул йиғиб олинди. Иш ўринларини яратишга ҳам мажбурий равишда 300 000 сумдан пул бердик. Равшан Адуллаевнинг айтишича, иш ўринлар Мингбулоқ туманида сотилар экан. Бу ҳолатдан қайсидир ташкилот хабар топгандай бўлиб, биздан йиғилган пулларнинг номигагина бир қисми қайтариб берилди.
Бўлим бошлиғи ўринбосари Мансур Раҳимовнинг дарду ғами ва фақатгина қилар иши – пул йиғиш. У иккинчи мутахассислик бўйича олийгоҳда таҳсил олади. Унинг контракт тўловларини ҳам ҳоким ёрамчилари тақсимот, рўйхат асосида тўлаб берамиз. КПИда балл олиш ҳам ҳаммаси фақат пулга боғлиқ. Жон куйдириб ишлаган ва ишламаган ҳам бир хил аҳволда. Мансур билан келишиб, сўраган пулини бериб қўйсанг бас, шунинг ўзи кифоя. Ишга келасанми, йўқми, фарқи йўқ. Ҳар қандай ҳолда, ҳар қандай раҳбардан ҳимоя қилади. Шунинг учун ҳам ёрдамчилар ўртасида муҳит бузилган. Ҳимоядаги ёрамчиларнинг ойлик ва чораклик М.Раҳимовга берадиган ставкалари бор. Ҳайфсан олсанг ҳам олдириб ташлашга 500 000 сумдан пул беришинг керак. Бўлмаса, минг ишлаганинг билан ҳам ҳайфсанинг ечилмайди. Натижада чораклик КПИ ҳамда мукофот пулларини ололмайсан.
Ҳоким ёрдамчиларининг узи ишлаб турган маҳалладан бошқа маҳаллага ротация қилишда ҳам ўзига яраша ставкаси бор Р.Абдуллаев билан М.Раҳимов ҳеч бир ўрганиш ёки бирор-бир меъёрий ҳужжатларсиз, кўзига ёмон кўринган ёрдамчиларни энг оғир маҳаллаларга ротация қилиб юборади. М.Раҳимовнинг хизматини қилиб, пул берганлар маҳаллани ўзи танлаб олади. Ҳозирги кунда унинг соясидаги ёрдамчилар туман ҳокими қарори билан тасдиқланган маҳалласида эмас, ўзи хоҳлаган маҳаллада ишлаб юрипти. Ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишга киришни айтмасангиз ҳам бўлади. М.Раҳимов орқали Р.Абдуллаевга айтилган ставкани бермаган одам очиқ-ойдин ҳамма талабларни бажарса ҳам ишга қабул қилинмайди. Тасодиф билан ишга кириб қолсангиз М.Раҳимов пулни олмагунча қўймайди. Биргина Мансурнинг ўғли ва қизи номига очилган банк пластик карточкалари амалиётларини ўрганилса, шунинг ўзи коррупция қандай ҳолатда эканини кўрсатиб қўяди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг