Ҳоким ёрдамчиси югур-етим ишларга дастёр, хизмат вазифалари чекланмаган,  яп-янги Ўзбекистон яратиғидир.

Мана, Наманган вилояти Учқўрғон туманида фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари қишлоқ хўжалиги ишларига, хусусан ғалла ўрим-йиғимига мунтазам жалб қилинмоқда. Бу заволли шўрпешаналар эрта баҳордан буён деярли ҳар куни иш вақтининг катта қисмида далада юради. Кейин майлис, ҳисобот ва жадвал тўлдириш билан банд бўлишади.

Ҳоким ёрдамчилари ҳар куни соат 05:00 да қишлоқ хўжалиги бўйича ўтказиладиган Zoom йиғилишларида қатнашишга ҳам мажбур. Бу ҳолат натижасида ҳоким ёрдамчиларига юклатилган асосий вазифалар, аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва KPI кўрсаткичлари ижроси ортда қолмоқда.

Ҳоким ёрдамчилари дала, ҳисобот ва топшириқлар орасида қандай қолиб кетганини видеода кўринг.

«18 июнь куни мамлакатимиз футбол тарихида муҳим сана бўлди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги илк учрашувини ўтказди. Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан республикадаги давлат идораларида иш вақти соат 10:00 дан бошланиши белгиланган ва ходимларга миллий терма жамоамизнинг ўйинини томоша қилиш имконияти яратилган эди.

Бироқ Учқўрғон туманидаги кўплаб ҳоким ёрдамчилари ва бошқа ташкилот ходимлари шу куни ҳам мажбурий тартибда ғалла ўрими ишларига жалб қилинди. Биз мамлакатимиз учун тарихий аҳамиятга эга бўлган ўйинни кўриш имкониятидан маҳрум бўлдик.

Албатта, Ўзбекистоннинг Колумбияга мағлуб бўлишида бизнинг айбимиз йўқ. Лекин юрт мухлислари сифатида миллий жамоамизни қўллаб-қувватлаш имкониятидан маҳрум этилганимиз биз учун катта маънавий тушкунлик бўлди»  – дейди улар ўз мурожаатида.

Ҳоким ёрдамчилари қачон фақат ўз вазифа йўриқномасида белгиланган ишлар билан шуғулланади? Туманда ҳоким ёрдамчиларини қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб қилиш амалиётига қачон барҳам берилади? Жавоби ҳеч қачон эканлиги аниғу, майли йўлига сўраб қўямиз-да.