Наманган вилояти Учқўрғон тумани ветеринария бўлими ходимлари номидан Элтузарга келган мурожаатда бозорларда гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари текширилмасдан сотилаётгани, ветеринария муҳрлари эса мол сўювчиларнинг қўлига берилгани иддао қилинмоқда. Мурожаат муаллифи бу ҳолатларни аҳоли саломатлиги учун жиддий хавф деб баҳолаб, масъул идоралардан текширув талаб қилган.

Мурожаатга кўра, Учқўрғон деҳқон бозоридаги ветеринария-санитария экспертиза лабораториясида текширув жиҳозлари носоз, зарур кимёвий моддалар эса йиллар давомида етказиб берилмаган. Муаллифнинг айтишича, қассоблар келтирган гўштни таҳлил қилиш ўрнига улардан 40 мингдан 70 минг сўмгача пул олиниб, савдога рухсат берилмоқда.

Шунингдек, лабораториянинг айрим ходимлари бозордаги сотувчилардан ўз уйлари учун гўшт, сут маҳсулотлари, сабзавот ва мевалар олиши, гўшт сотувчилардан йиғилган пулларни ўзаро бўлишиши ҳақида даъволар келтирилган.

«Бу гўштлар қаерда сўйилган, истеъмолга яроқлими – фарқи йўқ, пулини олиб, сотишга рухсат бераверишади», – дейилади мурожаатда.

Муаллиф Қўғай ва «Яшик» деб аталган бозорларда лабораториянинг ўзи йўқлигини ҳам билдирган. Унинг иддаосича, сешанба куни «Яшик» бозорида, шанба куни эса Қўғай бозорида гўшт маҳсулотлари очиқ ҳавода, ҳимояланмаган ва антисанитария шароитида сотилади. Ветеринария мутахассислари эса муайян пул эвазига бундай савдога рухсат бермоқда.

Мурожаатда қушхоналардаги назорат ҳам кескин танқид қилинган. Учқўрғон, Қўғай ва бошқа ҳудудларда дезинфекция воситалари йўқлиги ёки ишлатилмаслиги, мутахассислар деярли келмаслиги, сўйилган ҳайвонларни қайд этиш журналлари мунтазам юритилмаслиги айтилган.

Энг жиддий иддаолардан бири – гўштнинг истеъмолга яроқлилигини тасдиқловчи ветеринария муҳрлари мол сўювчиларга бериб қўйилгани ҳақида. Муаллифнинг ёзишича, улар ҳайвонни сўйиб, муҳрни ўзлари босмоқда. Бундай ҳолатда ҳайвоннинг қаердан келгани ва соғлиғи қандай текширилаётгани очиқ қолмоқда.

Мурожаатда касал ҳайвонлар гўшти ҳам савдога чиқиб кетиши мумкинлигидан хавотир билдирилган. Бироқ муайян касалликка чалинган ҳайвон сўйилгани ёки унинг гўшти сотилганини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаган.

Муаллиф тизимдаги ҳолат учун вилоят раҳбариятини ҳам масъул деб ҳисоблайди. Мурожаатда Эркинжон Аҳмадалиев вилоятдаги раҳбар сифатида тилга олиниб, юқоридан турли баҳоналар билан мунтазам пул йиғиш талаблари бўлиши иддао қилинган. Унинг лавозими ва унга нисбатан билдирилган даъволар мустақил тасдиқланган эмас.

Ходимлар номидан ёзган муаллиф бу иккинчи мурожаат эканини таъкидлаган. Аввалги мурожаатда вакциналар камомади, эмлаш ва қон таҳлиллари бўйича амалда бажарилмаган ишлар ҳисоботга киритилиши ҳақида хабар берилганини айтган. У янги шикоят ҳам пул йиғиш орқали ёпиб юборилишидан хавотирда.

«Мен бу соҳани танлаганимдан минг афсусдаман, виждоним қийналмоқда», – деб ёзган мурожаат муаллифи.

У Ветеринария қўмитаси, республика ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси раҳбарияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардан вазиятни жойида ўрганишни сўраган.

Гўшт текшириляптими? Лабораторияда ишлайдиган ускуна ва реактивлар борми? Ветеринария муҳрлари кимнинг қўлида? Мурожаатда кўтарилган бу саволларга масъуллардан аниқ ва далилли жавоб керак.