УЧҚЎРҒОНДА “МУАММОЛАР ТИЗИМЛИ ТУС ОЛГАН”
Учқўрғон туманидаги раҳбарлар номидан Президент ва юқори идораларга йўлланган аноним мурожаатда қишлоқ хўжалиги, кадрлар сиёсати, тадбиркорлик, банк-кредит ва инфратузилмага оид тизимли муаммолар борлиги иддао қилинди.
Элтузар таҳририятига Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари номидан Ўзбекистон раҳбариятига йўлланган аноним мурожаат келиб тушди. Мактуб Президент Шавкат Мирзиёев, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, Бош вазир Абдулла Арипов, ДХХ ва Бош прокуратура раҳбариятига йўлланган.
Мурожаат муаллифлари туманда қишлоқ хўжалиги, кадрлар сиёсати, тадбиркорлик, банк-кредит тизими ва инфратузилма билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжудлигини даъво қилмоқда.
Хусусан, “Арт софт” текстил корхонаси билан шартнома тузган айрим фермерлар минерал ўғит ва имтиёзли кредитларни ўз вақтида ололмаётгани, бу эса ҳосилдорликка салбий таъсир қилаётгани айтилган. Мурожаатда ҳатто айрим фермерларга ўғит ўрнига пахта режасини “ёпиб бериш” таклиф қилингани ҳақида даъво бор.
Мактубда туман ҳокими Д.Мирханов иш бошлаганидан кейин маҳаллий идораларда босим ва қўрқитиш муҳити кучайгани, тажрибали кадрлар ишдан кетиб, уларнинг ўрнига бошқа ҳудудлардан ходимлар жалб қилинаётгани ҳам таъкидланган. Муаллифлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берилган аввалги мурожаатлар етарлича ва холис ўрганилмаганини ҳам иддао қилмоқда.
Энг жиддий даъволар қурилиш ва тадбиркорлик соҳасига тегишли. Мурожаатчилар айрим объектлар “ноқонуний қурилган” деган асосда буздирилгани, кейинчалик худди шу ҳудудларда бошқа тадбиркорларга савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қуриш имкони берилганини билдирган.
Шунингдек, Янгиер ҳудудидаги кўприк таъмири қарийб бир йилдан бери тугалланмагани, натижада аҳоли 1–1,5 километрлик йўл ўрнига 25–30 километр айланиб юришга мажбур бўлаётгани айтилган.
Мурожаат муаллифлари босимлардан хавфсирагани учун шахсини ошкор қилмаган ва Президентдан Учқўрғондаги вазиятни марказий даражада қайта ўрганишни сўраган.
Элтузар ушбу мурожаатда келтирилган даъволарни мустақил тасдиқламаган. Таҳририят тилга олинган мансабдорлар ва ташкилотларнинг муносабатини беришга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг