ЁШ ИСТЕЪДОДЛАР СИНДИРИЛГАН КУН: “ТУРОН”ДАГИ АДОЛАТСИЗЛИК
Андижонда ўтган “Турон” театр мактаби танловининг вилоят босқичида иштирокчилар ҳакамлар адолатсиз баҳолаши, регламентга риоя этилмагани ва “олдиндан белгиланган” ғолиб ҳақида иддаолар билдирди. Ёш истеъдодлар ишончи қай даражада ҳимоя қилинди?
Жорий йилнинг 1 апрель куни Aндижондаги “Мусиқали драма театри”да “Турон” театр мактаби танловининг Aндижон вилояти босқичи бўлиб ўтди. Унда вилоятнинг туман (шаҳар) босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 та театр жамоалари 2 та шарт бўйича ўзаро беллашдилар.
Мазкур босқичга қадар, яъни қуйи босқичларда андижонлик жами 11 000 503 та театр жамоалари таркибида 92 000 дан зиёд ўқувчилар ўз иқтидорларини бўй-басти билан намоён этиб, ижод намуналарини катта саҳналарда намойиш қилишди.
Тўғри, вилоят босқичига етиб келишнинг ўзи ҳам ўсмир ёшларнинг алоҳида ютуғи. Мактаб саҳнаси билан вилоят театри саҳнасининг фарқи ҳақида айтмай қўя қолайлик. Бу даргоҳда хали ҳамон не-не устоз санъаткор, актёрларнинг изи турибди. Салобати ёшгина, ғўргина, эндигина катта саҳнага одимлаётган ўқувчиларни ҳуркитмаслиги, аксинча уларга куч, илҳом бериши керак. Бу йўлда эса ўтказилаётган мана шундай танловлар алоҳида эътиборга лойиқ.
Шу ўринда “аммо…” дея бошланувчи иддаолар талай. Негаки, бу галги “Турон” театр мактаби танловидаги адолатсизлик иштирокчиларнинг аламли иддаоларига, айтиш жоиз бўлса, бундай танловларга нисбатан ишончсизликлари бемалол қанот ёзишига сабаб бўлди.
Бунда ҳакамлар асосий роль ўйнайди, албатта. Бироқ айнан ўша ҳакамлар ноҳақлик, адолатсизликка бош бўлсалар… истеъдод ғунчалари “бечорагина” бўлиб синиб қолмайдиларми?! Ахир ҳақиқий иқтидорларга куч, илҳом, мотивация бериш керак эмасми?
Энг ачинарли ҳолат нима, биласизми? Ҳакамлар ҳайъати таркибида эл суйган актёрлар Турғун Бекназаров ҳамда Александр Бекжоновларнинг борлиги! Айнан мана шу ҳайъат аъзолари ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, уларга қанот бериш ўрнига ноҳақликка кенг йўл очиб берганлари афсусли!
Муросасиз ўтган вилоят босқичининг якуний натижаларига кўра, 1-ўринга ва танловнинг республика босқичига йўлланма Бўстон туманининг “Aндижон” жамоасига насиб этди. Кейинги ўринларга эса Aндижон туманининг “Ойдин булоқ” ҳамда Балиқчи туманининг “Aждодларим мероси” жамоалари муносиб топилди.
Хўп, танлов якунланибди-ку, дерсиз, аммо асосий жиҳат айни ўринларнинг ноҳақ ва шаффоф бўлмаган ҳолда берилгани бўлди.
Келинг, яхшиси, танловнинг вилоят босқичи дастлабидан назар ташлайлик. Танлов икки шарт асосида ташкил этилди. Низомга мувофиқ биринчи шарт учун 6 дақиқа, иккинчи шарт учун эса 15 дақиқа вақт ажратилган. Аммо баҳолашда мана шу вақт масаласига, яъни регламентга умуман эътибор берилмади.
Биринчи шартда юз фоизлик натижа кўрсатган Aндижон шаҳар, Aсака тумани ва Хонобод шаҳар жамоалари баллари иккинчи шартни баҳолашда сунъий равишда тушириб юборилди. Ваҳоланки, уларнинг чиқишлари қолган жамоаларникидан яхшироқ ва томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлганди. Ҳатто бошқа жамоалар ҳам ушбу рақиб жамоаларига самимий мухлислик қилишганини беркитишмади.
Аммо (яна “аммо…”!) ҳакамлар жамоасининг мақсади бошқа экани яққол билиниб қолди. Бўстон тумани жамоаси учун қўлларидан келган барча ноҳақликка ён босдилар: жамоанинг чиқишлари томошабинлар олқишиига сазовор бўлмаган бўлса-да, баллар сунъий юқори қўйилиб, ҳатто қолган 15 та жамоанинг (томошабинларни қўйинг!) ҳам ҳайратини оширди.
Савол кетидан савол туғилади: хўш, бу каби ноҳақлик, адолатсизлик кимга керак? Мақсад аввалдан келишилган жамоани республикага олиб чиқиш бўлса, танловни ўтказишдан, бошқа истеъдодларни сўндиришдан нима наф? Ерга урилган, истеъдоди камситилган жамоа аъзоларининг меҳнатини томошабин ва ҳатто рақиб жамоалар олқишлаб, иқтидорига, санъатига қўл кўтариб турган бир пайтда ҳакамларнинг адолатсизлиги кимга керак бўлди?
Танлов ғолиблари эълон қилингач, бошловчи Толибжон Мирзажонов томонидан Низомда келтирилган натижадан норози жамоалар якундан 15 дақиқа орасида аппеляция бериши ва бу аппеляция шикояти бир соат вақт давомида кўриб чиқилиб, хулоса эълон қилиниши мумкинлиги эслатиб ўтилди. Андижон шаҳар номини, шарафини ҳимоя қилган жамоа аппеляция беришларини айтишганида эса мазкур шикоят мурожаати қабул қилинмаслиги қатъий таъкидланди. Ким томонидан дейсизми? Ўша биз билган, таниган, халқ орасида санъати билан танилган актёрлар томонидан! Ҳатто ҳакамлар ҳайъатидан биргина Асака тумани жамоасининг 2-шартдаги чиқишлари паст баҳолангани сабаби сўралганда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Aлександр Бекжановдан:
– Унда келиб, сизлар баҳо қўймабсизлар-да. Биз келмай қўя қолардик. Изоҳ бермаймиз баҳоларга. Мажбур эмасмиз! – деган истеҳзоли жавоб олинди.
Мана, ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг кибрли муносабати… Мана, сизга эл суйган санъаткор…
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг