СУРИЯ ТУРКИЯ ВА ИСРОИЛ ЎРТАСИДАГИ ЯНГИ ТЎҚНАШУВ МАЙДОНИГА АЙЛАНЯПТИМИ?
Туркия ва Исроил ўртасидаги сиёсий зиддият энди Суриядаги ҳарбий таъсир учун курашга кўчмоқда. Абу аз-Зуҳур аэродромига зарба, Анқаранинг жавоби ва Вашингтоннинг ушбу хавфли рақобатни назорат қилишга уринши таҳлил қилинади.
Туркия ва Исроил ўртасидаги йиллар давомида асосан Ғазо ва Фаластин масаласида намоён бўлиб келган сиёсий зиддият энди хавфлироқ босқичга – Суриядаги ҳарбий таъсир учун рақобатга кўчмоқда.
18 август куни Исроил Суриянинг шимоли-ғарбидаги Абу аз-Зуҳур ҳарбий аэродромига зарба берди. Исроил ҳукумати Дамашқ бу ерга Туркия қўшинларини жойлаштиришга тайёрланаётганини ва бундай ҳарбий ҳузур Исроил хавфсизлиги учун таҳдид эканини билдирди. Туркия эса аэродромда турк ҳарбийлари бўлганини рад этди.
Биньямин Нетаньяҳу Исроил Сурияда Туркиянинг ҳарбий жиҳатдан мустаҳкамланишига йўл қўймаслигини очиқ айтди. Мудофаа вазири Исроил Кац эса Ражаб Тоййиб Эрдоғанни Туркияни Суриядаги «хавфли саргузаштлар»га тортаётганликда айблаб, Исроилнинг қатъиятини синамасликка чақирди. Бу баёнотлар Туркияга нисбатан оддий дипломатик танқиддан олдиндан ҳарбий куч ишлатиш доктринасига яқинлашиш белгиси сифатида кўрилиши мумкин.
Анқара ҳам босимни кучайтирмоқда. 21 августда Туркия Адлия вазирлиги Нетаньяҳуни Интерпол орқали «қизил бюллетень» билан қидирувга беришни сўради. Туркия судида у Ғазога ёрдам олиб бораётган Global Sumud Flotilla фаолларига қарши ҳаракатлар билан боғлиқ иш бўйича геноцид, инсониятга қарши жиноятлар ва бошқа оғир жиноятларда айбланмоқда. Бу ҳозирча Туркия томонининг жиноий айбловлари бўлиб, Интерпол сўровни алоҳида баҳолайди.
ЭНГ ХАВФЛИ НУҚТА – СУРИЯ
Асосий зиддият Ғазо эмас, урушдан кейинги Сурияда ким устун куч бўлиши масаласига айланмоқда. Туркия янги Дамашқ ҳукумати билан ҳарбий тайёргарлик ва хавфсизлик ҳамкорлигини кучайтирмоқчи. Исроил эса ўз шимолий чегараси яқинида кучли турк ҳарбий инфратузилмаси пайдо бўлишини қабул қилмоқчи эмас.
Энг катта хавф – режалаштирилмаган тўқнашув. Исроил Туркия иштирок этаётган объектни яна бомбалаган ва у ерда турк ҳарбийлари ҳалок бўлган тақдирда, Анқара жавоб бериш босими остида қолади. АҚШ элчиси Том Баррак охирги зарба ҳам Туркия самолётларининг ҳавога кўтарилиши ва тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувгача бориши мумкинлигини тан олди. Шу сабаб Вашингтон уч томонлама мувофиқлаштириш механизмини яратишга уринмоқда.
Ҳозирча Туркия ҳам, Исроил ҳам катта урушни хоҳлаётгани кўринмайди. Аммо Сурияда бир нотўғри зарба икки минтақавий ҳарбий куч ўртасидаги сиёсий душманликни ҳақиқий қуролли қарама-қаршиликка айлантириши мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг