2025 йилда Ўзбекистонда жами 178,1 трлн сўмлик солиқ ва божхона имтиёзлари берилгани маълум қилинди. Шундан 119 трлн сўми солиқ, 59,1 трлн сўми божхона имтиёзларига тўғри келади.

Энг йирик солиқ имтиёзлари Uzbekistan GTL-га 2,8 трлн сўм, “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари”га 2,4 трлн сўм, “Ўзбекнефтгаз”га 1,7 трлн сўм, “Ўзбекистон темир йўллари”га 1,1 трлн сўм ва UzAuto Motors-га қарийб 899 млрд сўм миқдорида берилган.

Божхона имтиёзларида эса UzGasTrade 2,1 трлн сўм, RWS Optimum 1,4 трлн сўм ва Enter Engineering Қораўзак ИЭС 1,1 трлн сўмлик енгилликдан фойдаланган.

Бу ерда асосий масала имтиёзнинг ўзи эмас, унинг натижаси. Давлат Uzbekistan GTL-га 2,8 трлн сўм, “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари”га 2,4 трлн сўм ёки UzAuto Motors-га 899 млрд сўмлик енгиллик берса, бу жамиятга аниқ фойда бўлиб қайтиши керак.

Маҳсулот арзонлаши, хизмат сифати ошиши, иш ўринлари кўпайиши ёки экспортда сезиларли ўсиш бўлиши лозим. Акс ҳолда, бундай имтиёз оддий халқ ва кичик бизнес ҳисобидан йирик корхоналар манфаатини ҳимоя қилишга ўхшаб қолади.

Стратегик корхоналарга айрим енгилликлар беришни иқтисодий жиҳатдан тушунтириш мумкин. Энергетика, транспорт, авиация ва саноат мамлакат учун муҳим соҳалар. Лекин савол шундаки, бу триллионлар эвазига аҳоли нимани ҳис қилди?

Газ арзонладими, темирйўл ва авиация хизмати яхшиландими, автомобил бозорида рақобат кучайдими? Агар жавоб йўқ бўлса, имтиёзнинг ижтимоий оқланиши заифлашади.

Кичик тадбиркор битта ҳисоботдаги хато ёки кечиккан тўлов учун жаримага тортилаётган бир пайтда, йирик компанияларга триллионлаб сўмлик енгилликлар берилиши жамиятда адолатсизлик ҳиссини кучайтиради. Бу фақат иқтисодий масала эмас, давлатга ишонч масаласи ҳамдир.

Шунинг учун ҳар бир йирик имтиёз бўйича очиқ ҳисобот керак: қанча маблағ қолдирилди, бунинг эвазига қанча иш ўрни яратилди, нарх ва хизмат сифатига қандай таъсир қилди, бюджет ва халқ нимани ютди?

Агар натижа бўлмаса, имтиёз қайта кўриб чиқилиши шарт. Имтиёз халққа фойда келтирса, у иқтисодий сиёсат. Фақат компания кассасини тўлдирса, у жамоат ҳисобидан берилган мукофотга айланади.