ТРАВМАТОЛОГИЯ МАРКАЗИДА ПОРА-АМАЛИЙ ТИЗИММИ?
Республика травматология ва ортопедия маркази шифокорлари Элтузарга очиқ мурожаат йўллаб, марказда тизимли коррупция, мансаб суиистеъмоли, таниш-билишчилик ва давлат маблағларининг талон-торож қилинишига оид жиддий иддаоларни баён этди.
(Шифокорлар Элтузарга очиқ мурожаат йўллади)
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказининг бир гуруҳ шифокорлари ва ходимлари Элтузарга очиқ мурожаат йўллаб, муассасада тизимли коррупция, мансаб суиистеъмоли, кадрлар масаласида таниш-билишчилик ва давлат маблағларининг талон-торож қилинишига оид жиддий иддаоларни илгари сурди. Мурожаат муаллифлари ҳолатга Президент Администрацияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ДХХ ҳамда коррупцияга қарши курашувчи органлар аралашишини сўраган.
Мурожаатда таъкидланишича, марказнинг илмий йўналиши заифлаштирилиб, муассаса асосан эндопротезлаш операцияларига йўналтирилган. Ходимлар иддаосига кўра, бу жараён ортида тиббий ускуна етказиб берувчи фирмалардан “откат” олиш тизими шаклланган. Улар ҳар бир ўрнатилган протез учун 500 дан 1000 АҚШ долларигача ноқонуний тўлов ундирилиши мумкинлигини билдирмоқда.
Мурожаат муаллифлари давлат томонидан оғир аҳволдаги беморларга эндопротез мосламаларини сотиб олиш ва ўрнатиш учун йилига 250–300 миллиард сўм атрофида маблағ ажратилишини қайд этган. Уларнинг даъвосига кўра, ушбу маблағларнинг 35–40 фоизи беморлар манфаатига эмас, балки марказ раҳбарияти атрофидаги айрим шахслар манфаатига хизмат қилмоқда.
Шунингдек, мурожаатда марказ директори Мурод Ирисметов, бош шифокор Мутиддин Қодиров, Спорт жароҳатлари бўлими мудири Дилшод Шамшиметов ҳамда бир қатор бўлим бошлиқлари номи тилга олинган. Ходимлар уларни протез операциялари, навбатларни олдинга суриш, харидлар ва ички молиявий жараёнларда ноқонуний манфаатдорликда гумон қилмоқда.
Ходимлар яна бир оғир иддаони илгари сурган: уларнинг айтишича, пулсиз беморлар йиллар давомида навбат кутишга мажбур бўлмоқда, айрим ҳолларда эса кам таъминланган беморлардан қолган қарзлар ҳамшира ва санитаркалар маошидан ушлаб қолинмоқда. Мурожаатда ойлик тарқатилган кунларда ходимлардан “ортиқча тушди” деган баҳона билан қўшимча пул йиғилиши ҳам айтилган.
Кадрлар масаласи бўйича ҳам жиддий эътирозлар билдирилган. Мурожаат муаллифлари клиник ординатурани тамомлаган ёш мутахассисларни ишга қабул қилиш учун 20 минг АҚШ доллари талаб қилиниши ҳақида ёзган. Шу билан бирга, марказда қариндош-уруғчилик ва маҳаллийчилик кучайгани, айрим лавозимларга директорга яқин шахслар жойлаштирилгани иддао қилинган.
Мурожаатда марказ билан боғлиқ айрим хусусий фирмалар орқали ноқонуний олди-бердилар амалга оширилгани, ҳатто бу ҳолатлар прокуратура назоратига тушгани, аммо кейинроқ иш “босди-босди” қилингани айтилган. Шунингдек, ҳақини талаб қилган ходимлар таҳдид ва босимга учраётгани ҳам таъкидланган.
Ходимлар марказ директори тиббиёт соҳасидан тушган ноқонуний маблағлар ҳисобига Туркияда қариндоши номига ҳашаматли вилла сотиб олгани ҳақида ҳам даъво қилмоқда. Уларнинг фикрича, бу ҳолатлар нафақат беморлар ҳуқуқини, балки давлат бюджети ва соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишончни ҳам жиддий хавф остига қўймоқда.
Мурожаат муаллифлари ўз исмларини ошкор қилмаган. Улар бунга ишдан бўшатилиш, босим ва таъқиб хавфи сабаб эканини билдирган. Элтузар таҳририяти ва масъул органлардан ушбу иддаоларни ўрганиш, ҳар бир фактга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда жамоатчиликка очиқ ахборот тақдим этиш сўралмоқда.
Таҳририят эслатмаси: мазкур хабар очиқ мурожаатда келтирилган иддаолар асосида тайёрланди. Унда номи тилга олинган шахслар ва муассаса вакилларининг муносабати эълон қилинса, материал тўлдирилади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг