ТРАНСПОРТ ВАЗИРЛИГИДА «ОЧИҚ» РЕЕСТР ЁПИЛДИМИ?
Транспорт вазирлигининг info.mintrans.uz платформасида автомобилга оид лицензиялар бўйича қидирув сентябрдан бери ишламаётгани айтиляпти. Қонунчилик реестрлар очиқ бўлишини талаб қилади, вазиятга вазирлик изоҳи ҳозирча йўқ.
Транспорт вазирлигининг автомобиль транспорти соҳасидаги лицензиялар ҳақида маълумот берувчи info.mintrans.uz платформасида қидирув имконияти чеклангани ҳақида Элтузарга мурожаат келиб тушди. Мурожаатчига кўра, сентябрь ойидан бошлаб лицензиатлар ва лицензияланган транспорт воситалари ҳақида очиқ маълумот олиш амалда имконсиз бўлиб қолган.
Элтузарга тақдим этилган скриншотда info.mintrans.uz/#/info/onSearch саҳифасида қидирув амалга оширилганда тизим «Хато» деган хабар чиқараётганини кўриш мумкин.
Мурожаат муаллифининг айтишича, мазкур платформа орқали аввал автомобиль транспортида ташиш фаолияти учун лицензия олган юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек лицензияланган транспорт воситалари ҳақида онлайн маълумот олиш мумкин бўлган.
Юридик шахслар СТИР, жисмоний шахслар ЖШШИР, транспорт воситалари эса давлат рақами орқали текширилган.
«Ушбу тизим соҳа вакиллари учун жуда қулай эди. Аммо сентябрь ойидан бошлаб лицензиатлар ва лицензияланган транспорт воситалари бўйича маълумот олиш чекланди. Сабаби нимада – буни вазирлик мансабдорлари билади», – дейилади мурожаатда.
Бу масала фақат техник қулайлик билан чекланмайди. Амалдаги қонунчиликда лицензиялаш соҳасида ваколатли органлар фаолиятининг очиқлиги асосий принциплардан бири сифатида белгиланган. «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунда лицензиялар, рухсат ҳужжатлари ва хабарномалар реестрлари электрон шаклда юритилиши ва «реестрлардаги ахборот очиқдир» деб белгиланган.
Қолаверса, Транспорт вазирлигининг ҳозирги расмий сайтида ҳам «Лицензиялар реестри» автомобиль транспорти бўйича интерактив хизматлар қаторида кўрсатилмоқда.
Автомобиль транспорти соҳасини рақамлаштириш жараёни янги эмас. Вазирликнинг 2019 йил 28 декабрдаги расмий ахборотига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги 636-сон қарори асосида 2020 йил 1 январдан йўловчи ва юк ташиш лицензиялари ҳамда лицензия карточкаларини электрон шаклда расмийлаштириш тизими тўлиқ ишга туширилиши белгиланган эди.
Кейинги йилларда давлат идоралари очиқлигини таъминлаш бўйича талаблар яна кучайтирилди. Хусусан, 2021 йилда давлат органлари фаолиятининг Очиқлик индексини баҳолаш тизими белгиланган, 2022 йилги Президент фармонида эса расмий веб-сайтларда ахборот жойлаштириш, электрон давлат хизматлари ва очиқ маълумотларни тақдим этиш алоҳида баҳолаш мезонлари сифатида қайд этилган.
Шу нуқтаи назардан, фойдаланувчиларда аввал очиқ ишлаган қидирув хизмати нега энди маълумот бермаяпти деган ҳақли савол пайдо бўлмоқда.
Бу вақтинчалик техник носозликми? Платформа янгиланяптими? Ёки маълумотларга кириш тартиби атайлаб ўзгартирилганми?
Ҳозирча Элтузарда бу саволларга Транспорт вазирлигининг расмий изоҳи йўқ. Шунинг учун мурожаатдаги «сентябрь ойидан маълумот олиш чекланган» деган даъвони барча фойдаланувчиларга нисбатан умумий ҳолат сифатида мустақил тасдиқланган факт деб айтишга ҳозирча асос йўқ.
Мурожаат муаллифи эса мутасаддилардан вазиятга аниқлик киритишни ва жамоатчилик учун мўлжалланган хизмат тўлиқ ишламай қолган бўлса, уни қайта тиклашни сўрамоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг