АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху билан телефон орқали суҳбатда кескин оҳангда гаплашиб, уни Ливандаги ҳарбий эскалацияни кучайтиришдан қайтарган. Бу ҳақда Axios икки манбага таяниб хабар берди.

Нашрга кўра, суҳбат Исроилнинг Байрутдаги “Ҳизбуллоҳ” объектларига зарба бериш режаси ортидан бўлиб ўтган. Трамп Нетаняхуни “ақлдан озган” деб атаган, уни ношукрликда айблаган ва Исроилнинг бундай ҳаракатлари мамлакатни янада яккалаб қўйишини билдирган. Axios манбаларига кўра, Трамп Нетаняхуни қамоқдан сақлаб қолишда ўзининг роли борлигини ҳам иддао қилган.

Ижтимоий тармоқларда Axios мухбири Марк Капутога таянган ҳолда янада қаттиқроқ иқтибос тарқалди. Унда Трамп Нетаньяхуга: “Сен жиннимисан? Мен бўлмаганимда қамоқда бўлардинг. Мен сени қутқаряпман. Ҳозир ҳамма сендан нафратланяпти. Бу сабабли ҳамма Исроилдан нафратланяпти”, дегани иддао қилинган. Бу иборалар расмий стенограмма сифатида эълон қилинмаган.

Можаро фонида Эрон АҚШ билан музокаралардан чиқиш билан таҳдид қилган. Axios хабарича, Трампнинг аралашуви Вашингтоннинг Эрон билан дипломатик жараённи сақлаб қолишга интилаётганини кўрсатади. AP ҳам Трамп Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида отишмаларни камайтириш бўйича келишув бўлганини айтганини хабар қилди, бироқ томонлар ўртасидаги тўқнашувлар тўлиқ тўхтагани ҳақида аниқ далиллар йўқ.

Нетаняху эса Исроил ўз хавфсизлигини таъминлаш учун зарур деб ҳисоблаган ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришини билдирган. The Guardian маълумотига кўра, Трамп “Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўқ узишни тўхтатишга рози бўлди” деганидан кейин ҳам вазият кескинлигича қолган ва ҳар икки томондан ҳужумлар давом этгани ҳақида хабарлар чиққан.