АҚШ президенти Доналд Трамп пойтахтдаги Линкольн ёдгорлиги олдида жойлашган Акс эттирувчи ҳовузни (Reflecting Pool) тозалашни ўз қўшнисига буюртма шаклида шартнома қилиб берди.

Associated Press нашри маълумотига кўра, ҳовузни тозалаш ишлари учун 1,7 миллион долларлик шартнома танловсиз Green Water Services компаниясига берилган.

Ушбу компания эгаси Жон Кафаро АҚШ президенти Дональд Трампнинг узоқ йиллик ҳомийларидан бири бўлиб, у Трамп билан боғлиқ сиёсий қўмиталарга юз минглаб доллар хайрия қилган. Шунингдек, Кафаро Трампнинг Флорида штатининг Мар-а-Лаго ҳудудидаги қўшниларидан бири экани ҳам маълум.

Трамп маъмурияти шартнома танловсиз берилганини ишларнинг шошилинчлиги билан изоҳлади. Маъмуриятга кўра, ҳовузда сув ўтлари тез тарқалгани сабабли зудлик билан тозалаш ишларини бошлаш зарур бўлган.

Айни пайтда бир қатор демократ қонун чиқарувчилар мазкур шартнома бериш жараёнини текширишга чақирмоқда. Улар давлат буюртмасини беришда манфаатлар тўқнашуви бўлган-бўлмаганини аниқлаш лозимлигини билдиришди.

Буюртма 1 миллион 700 минг долларга бажарилди. Ҳовуздаги сув водород пероксиди ёрдамида тозаланганига қарамай, орадан кўп ўтмай яна сув ўтлари билан қопланди. Аввалроқ шу машҳур ҳовузни таъмирлашга қарийб 15 миллион доллар сарфланган эди. Бироқ таъмир кутилган натижани бермагани боис, унинг оқибатларини бартараф этиш учун давлат яна миллионлаб доллар сарфлашга мажбур бўляпти.