КИМ ЧЕН ИН БИЛАН ДЎСТЛАШГАН ТРАМП ЖАНУБИЙ КОРЕЯДАН УЗОҚЛАШЯПТИМИ?
АҚШнинг илтимосига кўра, Жанубий Корея билан ўтказилаётган Ulchi Freedom Shield 2026 қўшма ҳарбий машғулотлари олти кунга қисқартирилди. Бу қарор Трампнинг Ким Чен Ин билан “жуда яхши” муносабатлари фонида қабул қилинмоқда.
Жанубий Корея ҳукумати маълум қилишича, АҚШ иштирокида ҳар йили ўтказиладиган ҳарбий машғулотлар Вашингтоннинг илтимосига кўра олти кунга қисқартирилади. Аввалроқ Трамп ушбу машғулотлар ўтказилаётганидан норози эканини билдирган ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан муносабатлари «жуда яхши» эканини айтган.
Ulchi Freedom Shield 2026 ҳарбий машғулотлари 17 август, душанба куни бошланган ва 27 августга қадар давом этиши режалаштирилган эди. Бироқ энди машғулотлар 21 августда якунланади. Сеул томони машғулотларнинг «муддати ва кўлами» Америка томонининг таклифига кўра ўзгартирилганини маълум қилди. Қисқартиришнинг аниқ тафсилотлари ҳали муҳокама қилинмоқда.
Бу ҳолат АҚШ президенти Дональд Трамп Пентагон раҳбари Пит Хегсетга Жанубий Корея билан қўшма ҳарбий машғулотларни қисқартириш бўйича топшириқ берганидан кейин юз берди. Трамп бунга Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан «жуда яхши» муносабатлари борлигини сабаб қилиб кўрсатган.
The Wall Street Journal газетаси АҚШ раҳбариятидаги манбаларга таяниб хабар беришича, Трамп ўз ёрдамчиларининг Ким Чен Ин билан учрашишини талаб қилмоқда.
Жанубий Корея ташқи ишлар вазири Чо Хён парламентда қилган чиқишида Жанубий Корея ҳам, АҚШ расмийлари ҳам Трампнинг бу режалари ҳақида олдиндан хабардор бўлмаганини маълум қилди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг