ТРАМП: ЭРОН БИЛАН ТИНЧЛИК БИТИМИ ЯКШАНБА КУНИ ИМЗОЛАНАДИ
Трамп ва Покистон Яқин Шарқдаги урушни тўхтатиш учун Эрон билан дастлабки тинчлик меморандуми якшанба куни имзоланишини айтишди. Теҳрон эса имзо муддати борасида эҳтиёткор бўлиб, келишув шартлари ҳали муҳокама этилаётганини билдирмоқда.
АҚШ президенти Дональд Трамп ва воситачи сифатида майдонга чиққан Покистон шанба куни Яқин Шарқдаги урушни тўхтатиш бўйича дастлабки келишув якшанба куни имзоланишини маълум қилди. Бироқ Эрон томони имзо тез амалга ошишини рад этиб, жараёнга эҳтиёткор қарашга чақирди.
Покистон бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг айтишича, томонлар тинчлик келишуви учун умумий асос бўйича келишиб олган. Исломобод якшанба куни ҳужжатни электрон тарзда имзолашга тайёргарлик кўрмоқда, кейинги ҳафта эса экспертлар даражасидаги музокаралар бошланиши кутилмоқда.
Трамп ҳам ижтимоий тармоқдаги баёнотида Эрон билан битим якшанба куни имзоланиши режалаштирилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳужжат имзоланиши билан жаҳон нефть таъминоти учун ҳаётий аҳамиятга эга Ҳурмуз бўғози “барча учун очиқ” бўлади.
Бироқ Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий давлат матбуотига берган изоҳида имзо санаси ҳақида шошилинч хулоса чиқармаслик кераклигини билдирди. У меморандум якшанба куни имзоланмаслигини айтган, аммо келишув кейинги кунларда амалга ошиши эҳтимолини ҳам инкор этмаган.
Reuters манбаларига кўра, муҳокама қилинаётган меморандум Ҳурмуз бўғозини қайта очиш ва АҚШ ҳарбий-денгиз блокадасини бекор қилишни назарда тутади. Бунинг эвазига Вашингтон Эроннинг музлатилган миллиардлаб долларлик активларини босқичма-босқич очиши ва нефть экспортига нисбатан айрим санкцияларни юмшатиши мумкин.
АҚШ расмийларидан бири келишув “кучли” эканини айтиб, Эрон Ҳурмуз бўғозини очиши шартлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, кейинги босқичда бўғозни миналардан тозалаш масаласи ҳам кўтарилади ва бу жараёнда “Катта еттилик” давлатлари иштирок этиши мумкин.
Эрон ядровий дастури эса ҳозирги меморандумдан кейинги 60 кунлик алоҳида музокараларда кўриб чиқилиши айтилмоқда. Вашингтон келишув охир-оқибат Эрон ядровий дастурини тугатишга олиб келиши кераклигини билдирмоқда. Теҳрон эса ядровий дастурини бутунлай демонтаж қилиш талабини қабул қилмаган ва бойитилган уран захираларини суюлтирилган шаклда сақлаб қолишни истамоқда.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху мамлакат ушбу меморандум тарафдори эмаслигини билдирди. Исроил расмийлари ўз хавфсизлигига таҳдид деб ҳисоблаган ҳолатларда ҳаракат қилиш эркинлигини сақлаб қолишини айтмоқда.
28 февралда АҚШ ва Исроилнинг Эронга қўшма зарбалари билан бошланган уруш минтақани жиддий инқирозга олиб кирди. Можаро жаҳон энергия нархларини кескин оширди, Эрон ва Ливанда минглаб одамлар ҳалок бўлди. Энди Вашингтон, Исломобод ва Теҳрон ўртасидаги музокаралар ушбу урушни тўхтатиш йўлидаги энг жиддий уринишлардан бири сифатида кўрилмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг