АҚШ президенти Доналд Трамп жума куни Эрон билан уруш бўйича музокараларга доир Теҳроннинг сўнгги таклифидан қониқмаганини билдирди. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса АҚШ ёндашувини ўзгартирса, Теҳрон дипломатияга тайёрлигини маълум қилди.

Трампнинг баёноти икки ойдан буён давом этаётган можаро атрофидаги боши берк кўчадан чиқиш осон бўлмаслигини кўрсатмоқда. У ҳарбий йўлни афзал кўрмаслигини айтиб, “келишувга эришиш” имконини ҳам тилга олди.

Уруш 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга зарбалари билан бошланди. Можаро оқибатида минглаб одам ҳалок бўлди. Ҳурмуз бўғозининг ёпилиши эса глобал иқтисодий инқироз хавотирларини кучайтирди.

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Эрон нефти экспортини блокада қилмоқда. АҚШ ҳарбийларига кўра, жума куни тушдан кейинга қадар 45 та тижорат кемаси тўхтатилган.

Трамп Эрон ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўйилмаслигини яна бир бор таъкидлади. Унинг айтишича, музокаралар телефон орқали давом этмоқда, бироқ Эрон “келишиб бўлмайдиган” талабларни илгари сурмоқда.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ “ҳаддан ташқари талабчан ёндашуви, таҳдидли риторикаси ва иғвогарона ҳаракатлари”ни ўзгартирса, Теҳрон дипломатик йўлни давом эттиришга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, у Эрон қуролли кучлари ҳар қандай таҳдидга жавоб беришга шай эканини таъкидлади.

Хабарларга кўра, Эрон эҳтимолий янги ҳужумларга қарши ҳаво мудофаасини фаоллаштирган ва кенг жавоб чораларини режалаштирмоқда. Хитойнинг БМТдаги элчиси Фу Цунг эса ўт очишни тўхтатиш режимини сақлаб қолиш ва Ҳурмуз бўғозини тезроқ очиш зарурлигини айтди.

Жаҳон бозорида нефть нархи ҳануз баррелига 100 доллардан юқори. Жума куни Brent нефти 2 фоизга арзонлаб, 110 доллар атрофида савдо қилинди.